12 August 2021
22:53 - Афғонистонда уруш: “Толибон” Кобулга яқинлашмоқда, Ғазни ва Қандаҳор ҳам қўлдан кетди ҳисоб
Бир ҳафтадан камроқ вақт ичида Афғонистоннинг тўққиз вилояти марказини эгаллаган толиблар бугун стратегик муҳим аҳамиятга эга, Кобул-Қандаҳор автомагистралида жойлашган, пойтахт жанубидаги таянч пунктларни боғловчи Ғазни шаҳрига кирдилар. Кўп ўтмай ҳукумат қўшинлари Қандаҳорни ҳам ташлаб чиқишгани хабар қилинди.

Қандаҳорнинг эгалланиши террористлар учун навбатдаги стратегик муҳим ғалаба бўлади. Ҳаракат қўшинларининг муваффақиятли юришлари давом этмоқда. Айни вақтда мамлакат ғарбида жойлашган яна бир йирик шаҳар Ҳирот қамал ҳолатида, шаҳар учун бир неча кундан буён жанглар давом этмоқда.

Бугун кун давомида толиблар пойтахт Кобул шаҳри яқинидаги Ғазни шаҳрининг катта қисмини забт этишгани ҳақида маълум қилинганди. BBC’нинг Шаҳар кенгашидаги манбаси хабар беришича, афғон хавфсизлик кучлари фақат шаҳар ташқарисидаги полиция базасини назоратида сақлаб қолмоқдалар.

Афғон Хавфсизлик хизмати ходимлари Ғазни вилояти губернаторини ҳудудни ўз ихтиёри билан толибларга топширишда айблаб қўлга олганлар. Губернаторнинг қўлга олиниши ҳозирги урушдаги илк прецедент бўлди.

Кузатувчилар Ғазнининг эгалланиши - Кобулга ҳужум қилишини тезлаштиришидан хавотирланишмоқда. Айни вақтга келиб мамлакатдаги 34 вилоятнинг қарийб учдан бир қисми (10) террористлар қўлига ўтиб бўлди.

BBC’га маълум бўлишича, чоршанба куни Афғонистон президенти Армия бош қўмондонини алмаштирган. Махсус амалиётлар корпуси қўмондони, генерал Ҳибатулло Ализаи армия штаби бошлиғи лавозимини эгаллаган. У бу постда шу йил июль ойида ишлашни бошлаган генерал Вали Муҳаммад Аҳмадзойни алмаштирган.

Чоршанба куни Афғонистон Молия Вазири Халид Пайенда ҳам истеъфога чиққанди. Хабарларга кўра, у айни вақтда мамлакатдан чиқиб кетиб бўлган. Вазирнинг истеъфоси “Толибон” чегара ҳудудлардаги муҳим божхона пунктларини эгаллаб олгани туфайли, бюджетга тушум келмай қолгани билан изоҳланган.

Маълумки, чоршанба куни президент Муҳаммад Ашраф Ғани шимолдаги Мозори-Шарифга учиб борди ва маҳаллий етакчилар билан учрашди. Расмий Кобул азалдан толибларга қарши асосий қалъа вазифасини ўтаган ушбу ҳудудда ҳукуматни қўллаб-қувватловчи кучларни бирлаштириб, шимолий ҳудудларни қайтариб олишга ҳаракат бошлашни режалаштирганди.

Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегаралар яқинида жойлашган Мозори-Шарифни айни вақтда толиблар қуршовга олган, бу шаҳарнинг бой берилиши Афғонистон шимолда назоратни бутунлай қўлдан чиқаришини англатган бўларди.

Ушбу учрашувда Афғонистон ўзбеклари етакчиси маршал Абдурашид Дўстим, тожик жамоатидан Атта Муҳаммад Нур, ҳазора жамоатидан Ҳожи-Муҳаммад Муҳакик иштирок этган. Ушбу қўмондонлар 1990-йилларда Шимолий альянс деб атаган иттифоққа бирлашиб, “Толибон”га қарши курашган, 2001 йилнинг кузида АҚШ армиясига Афғонистонни толиблардан озод қилишда ёрдам кўрсатганди.

Маршал Абдурашид Дўстим “Толибон” кучларини Афғонистон шимолидан сиқиб чиқариш учун ҳарбий ҳаракатларга бошчилик қилмоқчи эканлигини айтмоқда.

У толиблар “бир неча бор шимолга келишгани, аммо ҳар сафар тузоққа тушишгани” ҳақида гапирибди, “шимол” ҳар доим Толибон учун қопқон бўлганини, бу гал ҳам улар шимолдан осон чиқолмасликларини айтибди.

Ашраф Ғани ўз президентлиги даврида ушбу дала қўмондонларининг Афғон Миллий Армиясига таъсирини пасайтириб келди, аммо эндиликда уларга ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда. Аввалроқ президент ҳукуматни қўллаб-қувватловчи халқ милициясини ҳам қуроллантиришга розилик билдирганди.

Қочқинлар билан боғлиқ вазият ҳам мураккаблашмоқда. Толиблар эгаллаган ҳудудлардан минглаб кишилар пойтахт томон оқиб келмоқда. Кўплаб қочқинлар уйсиз, пулсиз ва озиқ-овқатсиз қолишган

Al Jazeera ҳукумат мамлакатдаги вазият тобора ёмонлашаётгани боис толиблар билан тинчликка эришиш борасида келишиш керак, деб ҳисобламоқда.

Манба хабарига кўра, расмий Қобул “Толибон” ҳаракати етакчиларига ҳокимиятни бўлишиш ва зўравонликни тўхтатиш эвазига мамлакатни бошқаришда иштирок этишни таклиф қилган.

Айни пайтда, Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” делегациялари ўртасида АҚШ, Россия, Покистон ва Хитой каби давлатлар дипломатлари воситачилигида уч кунлик маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. Улар Афғонистон ҳудудларида жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида маслаҳатлашмоқда.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону