Қайда ёлғон йўқ десалар,
Барча ёлғон ўша ерда.
Қайда ёмон йўқ десалар,
Барча ёмон ўша ерда.
Ботқоқнинг қай ери сара?!
Очун бир ботқоқ - боқ - қара:
Қайда ўпқон йўқ десалар,
Барча ўпқон ўша ерда.
Қайда яшаб кўрсанг узоқ,
Англайсанки - тузум - тузоқ.
Қайда шайтон йўқ десалар,
Барча шайтон ўша ерда.
Юсуф кўнгли беармондир -
Деманглар, юрагим қондир.
Қайда армон йўқ десалар,
Барча армон ўша ерда.
2021 йил.
* * * * *
Сен келаман деган жойдан,
Мен қочолмай доғдадирман.
Доғлар қолган куну ойдан,
Мен қочолмай доғдадирман.
Кўрмай дердим - яшноқ, учмоқ,
Келиб билдим - тубсиз тузоқ,
Аждаҳо - ҳар оғзи ўчоқ,
Мен қочолмай доғдадирман.
Тарқалса очунга бор эр,
Ҳар юртдан ҳар бириси дер:
Ҳой дўст, келма, бу ерга - ер,
Мен қочолмай доғдадирман.
Алданган бор бекалладан -
Энг нодони - ҳақ қарғаган -
Адолат бор деб алданган,
Мен қочолмай доғдадирман…
Ёву ёрдан алданган кўп,
Вале барча билади хўб -
Ҳақиқат йўқ - ҳар ер нохўб,
Мен қочолмай доғдадирман.
Тангрига терс қарорлари -
Тўрларида беорлари,
Ётларга ёрдир ёрлари,
Мен қочолмай доғдадирман.
Фақат орли сўзидир - сўз!
Бошқа сўзи - ёлғон - кўз - кўз,
Қани тузук - қани номус?!
Мен қочолмай доғдадирман.
Бил - борар жойингни роса,
Билмай отланган - норасо,
Очиқкўз юрмас беасо,
Мен қочолмай доғдадирман.
2021йил, 4 август.
* * * * *
Бу очун менгзайди ёғий овига,
Ҳукми: ёқ ўтида, чўкдир сувига.
Ўлдирмоқчи бўлсанг қайсидир элни
Тарихини буздир - ёздир ёвига…
2021 йил, 7 август.
* * * * *
Тоғ азизми, мен - азиз?! Кўк азизми, мен - азиз?!
Қайси бирига берган Тангри - ўлмайдиган сўз?!
Ҳикмат - Ўзидан ўрин, ўрним кўпдир Ўзида,
Икки уфқ - қошимда осмон чўккан икки тиз!
2021 йил, 7 август.
* * * * *
Фақат отим - Ботир, дер эди ўктам -
Фидо Ботир Норбой, эслайман пурғам.
Айрилиқдан қўрқув юрагимда жам,
Эсиз Ботир эмас - ҳатто отим ҳам…
2021 йил, 1 авгуcт.
* * * * * *