04 August 2021
19:21 - Яхши хабар: Тошкентда Рақамли Технологиялар ва Сунъий Интеллектни Ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилгани ҳақида

Кеча 3 август куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Рақамли Технологиялар ва Сунъий Интеллектни Ривожлантириш илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинибди. Бу ҳақда “Дунё” мухбири бугун хабар тарқатибди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот Технологиялари Университети ҳузуридаги Ахборот-Коммуникация Технологиялари Илмий-Инновацион Маркази ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети ҳузуридаги Интеллектуал Дастурий Тизимлар Илмий-Амалий Маркази негизида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Рақамли Технологиялар ва Сунъий Интеллектни Ривожлантириш Илмий-Тадқиқот Институти ташкил қилинган.

Қарорда белгиланишича, институт юридик шахс мақомига эга бўлган давлат илмий муассасаси бўлиб, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот Технологиялари Университети ҳузуридаги Ахборот-Коммуникация Технологиялари Илмий-Инновацион Маркази ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети ҳузуридаги Интеллектуал Дастурий Тизимлар Илмий-Амалий Марказининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Институт ходимларига Фанлар Академияси тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилиши белгиланганмиш.

Институт директори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Ахборот Технологиялари ва Коммуникацияларини Ривожлантириш Вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта Махсус Таълим Вазирлиги ҳамда Ахборот Технологиялари ва Коммуникацияларини Ривожлантириш Вазирлигининг институт тузилмасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети ҳамда Институтнинг “Интеллектуал Дастурий Тизимлар” қўшма лабораторияси ташкил этилади.

Қўшма лаборатория Институтнинг таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Институтга республикадаги илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасаларининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида амалга ошираётган илмий ва ўқув фаолиятига, жумладан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот Технологиялари Университети Фарғона филиали ҳузурида ташкил этилаётган Рақамли Технологиялар Илмий-Инновацион Марказига яқиндан кўмаклашиш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича қўшимча вазифа ҳам юклатилибди.

Қарорда мазкур институт Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Бўз-2 мавзеси, 17-а уй манзилда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирилиши қайд этилган.

“Ҳаракат”нинг фикрича, бу институтнинг Ўзбекистонда жорий этилаётган янги тизимлардан ФАРҚЛИ ЖОЙИ – бу институт ҳақиқий ИЛМИЙ МАРКАЗ бўлади ва бўлиб қолади. Қолган структураларнинг фойдаси ёки минимал бўлади, ёки узоқ келажакда ўз ўрнини эгаллаши мумкин.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону