25 July 2021
13:36 -
Юсуф Жума: Туркистон қаҳрамони Ботир Норбойга
ЭЛ -ЮРТ доғи боис дил доғларига,
Шу доғлари еди Ботир Норбойни.
Кураш майдонида - жанг чоғларида
Ўрни катта эди Ботир Норбойнинг.
Курашлардан келган шон даврасида
Унга бермасдилар тариқчалик жой.
Четда - бўсағанинг энг чеккасида
Жилмайиб турарди эр - Ботир Норбой…
Даврада қўр тўккан бир гала сотқин -
Урар пуч - юраксиз кўкракларига.
Жангда ўринсизлар ўриндор - мамнун,
Элни ишонтириб эртакларига…
Жангга кирмай - зинҳор талашманг ўлжа,
Унутманг, номардлар! Унутманг, барча :
Кураш чоғи бўлса - ўрнинггиз қанча -
Донг -номус кўшкида ўрнинггиз шунча!
Сўзим - Бош судянинг - Тангрининг сўзи -
Эй аҳли номуссиз, даврадан кетинг!
Улуғ Ботир Норбой - ёп - ёруғ юзли,
Шон - шараф кўшкининг тўрига ўтинг!!!
2021 йил, 21 июль.
* * * * *
Турон, ота юртим, бошимдир - пойинг,
Армоним - армонинг, войимдир - войинг.
Иккита бўлмади битта ботиринг –
Иккинчиси йўқдир Ботир Норбойнинг!
2018 йил, 9 июль.
* * * * *
Қон кўнглим, ўртанма - тиғланган тойдек,
Куртаклар жилмайди Ботир Норбойдек.
Руҳим, ерга чўкма - тош қотган лойдек,
Куртаклар жилмайди Ботир Норбойдек.
Курашиб бўлмас деб сотқин эл билан -
Ичида чўғи йўқ аҳли кул билан,
Эр баҳорга кўчган оқ кўнгил билан -
Куртаклар жилмайди Ботир Норбойдек.
Куртаклар - кўнглининг талқонларидир –
Очунни яшнатиш армонланидир,
Кўклам - Туркистону Туронларидир,
Куртаклар жилмайди Ботир Норбойдек.
Қанча овунтирмай юрагим абгор -
Худдики гуллаган ол щафтолизор -
Қип-қизил жилмайган яралари бор -
Куртаклар жилмайди Ботир Норбойдек….
2019 йил, 8 апрель.