Толиблар отряди 1 июнда Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасидаги Таҳор вилояти Фарҳор туманидаги Аҳмад Шоҳ Масъуднинг тарихий қароргоҳи “Чамани Хустдех”ни эгаллаб олиб, ўша куниёқ ўша ерда рамзий йиғилиш ўтказишибди.
“Чамани Хустдех” Аҳмад Шоҳ Масъуд ўз бош қароргоҳи сифатида фойдаланган асосий нуқталардан бири бўлган. Айни вақтда қароргоҳдан музей сифатида ҳам фойдаланилган: унда кўплаб ҳарбий аслаҳа-анжомлар ва эсдалик буюмлари сақланган.
Гарчи ушбу ғалаба - ҳарбий жиҳатдан унчалик салмоқли бўлмасада, аммо имидж жиҳатдан ўта улкандир, деб ёзади бу ҳақда русларнинг Ўзбекистонда чиқадиган sputniknews-uz.com нашри.
Афғонистоннинг миллий қаҳрамони Аҳмад Шоҳ Масъуд келиб чиқиши тожик бўлган ва умрининг сўнгги йилларида толибларга, "Ал-Қоида" эмиссарларига ва бошқа террористик уюшмаларга қаршилик кўрсатиш етакчиси бўлган ва айнан 2001 йил 9 сентябрда Масъудга интервью вақтида ўзини журналистлар қилиб кўрсатган икки террорчи-худкуш суиқасд уюштиришган. Тожикларнинг лидери Аҳмад Шоҳ Масъуд 10 сентябрда оламдан ўтганди.
Мана энди ўша ерлар яна “Толибон” қўлига ўтиб, ҳозирча уларнинг қўлида қолибди.