Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига 2021 йил 30 сентябрга қадар ўз мақомларини қонунийлаштиришга рухсат берилгани ҳақида Ташқи Меҳнат Миграцияси Агентлиги хабар қилди.
Хабарда айтилишича, Россия президентининг 2020 йил 18 апрелдаги “Янги коронавирус инфекцияси кенг тарқалиши хавфи муносабати билан Россия Федерациясидаги хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони доирасида Россия Ички Ишлар Вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари ҳамкорлигида 2020 йилда Россия ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 50 минг 700 нафар ўзбекистонликнинг мақоми қонунийлаштирилган.
Демак, шу пайтгача ушбу фармонга киритилган ўзгартиришлар асосида Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига 2021 йил 30 сентябрга қадар ўз мақомларини қонунийлаштиришга рухсат берилди.
Ташқи Меҳнат Миграцияси Агентлигининг хабарида айтилишича: “Шу фурсатдан фойдаланиб, ушбу давлат ҳудудида ноқонуний бўлиб турган ватандошларимизни 2021 йилнинг 30 сентябрига қадар яшаш жойидаги тегишли Россиянинг ички ишлар органларига мурожаат қилиш орқали ўз ҳолатини қонунийлаштириш ҳуқуқидан фойдаланишга чақирамиз.
Бунда Россиянинг ички ишлар органлари томонидан ноқонуний равишда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан мамлакатдан маъмурий чиқариб юбориш, депортация қилиш чоралари қўлланилмайди ҳамда уларга яшаш жойидаги миграция бўлимидан қайта рўйхатдан ўтиш имконияти берилади”.
Ушбу масалада ёрдам бериш - Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси ва Россия минтақаларидаги Бош консулхоналари ҳамда Ташқи Меҳнат Миграцияси Агентлигининг асосий вазифасидир.