23 May 2021
15:00 - Юсуф Жума: Элу - юрт қайғусида ўтганларни эслаб туринглар…
Элу - юрт қайғусида ўтганларни эслаб туринглар…

Қузғунларга ёруғ макон -
Кўклар сорларга чанг солди.
Ботирларга келди қирон,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Шовруқлари бўлди тупроқ,
Тупроғини этинг байроқ -
Десам, бўшаб ётар у ёқ -
У ёқда ўзи ким қолди?!

Одил Ёқуб ўтган бўлса -
Кўнглинг ёқиб ўтган бўлса -
Ҳаққа ёқиб ўтган бўлса,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Ботир - Ботир Норбой ўтди,
Эврилмасдан Туронюрти -
Эврил Турон нечун кетди?!
У ёқда ўзи ким қолди?!

Эркин Воҳид эркинлик деб,
Эрку эл - юртнинг ғамин еб,
Ўтдику шеъри - жонга ип,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Бир Дадахон - булбулзода -
Барча куйчидан зиёда,
Булбулни англарми пода?!
У ёқда ўзи ким қолди?!

Турон талон - ерлар кетди ,
Шукруллодай пирлар кетди,
Тоғлар кетди, қирлар кетди,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Усмонжон Ражаб - тозалик,
Гулчеҳра Нур - озодалик,
Ўтдилар - кунлар азалик,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Бу ёқда бош - оёқ - шиддат -
Гоҳо бошдан - оёқ - ҳасрат -
Сўрар Абдурайим Пўлат -
У ёқда ўзи ким қолди?!

Сурув, серка - чўризода -
Сотқиндир - оғзига хода,
Ўрис серкасига мода,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Ёниб кул бўлса ҳам юрт - юрт ,
Дуд бўлса ҳам - жоним - шу дуд,
Бўшлиқ бўлса ҳам - жоним - қут,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Бир кун қайтаман жонкентга ,
Тозалайман - ўчда - ўтда,
Қиличлар пишади - пухта,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Киндигим қонидан бошқа,
Ота ошёнимдан бошқа -
Юсуфнинг жонидан бошқа ,
У ёқда ўзи ким қолди?!

2021 йил, 22 май.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону