Жорий йилнинг дастлабки 4 ойи давомида Ўзбекистон Ташқи Савдо Айланмаси 3,5 фоизга камайган. Аслида, ушбу давр мобайнида экспорт ҳажми 19,1 фоизга қисқарган бўлса, импорт ҳажми 7 фоизга ўсган.
2021 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистоннинг Ташқи Савдо Айланмаси (ТСА) 10,3 миллиард долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 378,8 миллион долларга ёки 3,5 фоизга камайибди.
ТСАда экспорт ҳажми 3,48 миллиард долларга (19,1 фоизга камайган) ва импорт ҳажми 6,84 миллиард долларга (7 фоизга кўпайган). Ҳисобот даврида - 3, 35 миллиард доллар қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилган.
ТСАнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (20,5 фоиз), Россия (17,8 фоиз), Қозоғистон (11,8 фоиз), Туркия (9,3 фоиз), Корея (4,8 фоиз), Қирғизистон (2,4 фоиз) ва Афғонистон (2,3 фоиз) билан амалга оширилган экан.
Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор-давлатлар орасидан олтита давлат, хусусан, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Канада ва Эрон билан фаол ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 14та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.
Шунингдек, жорий йилнинг январь-апрель ойларида ТСАнинг 39,3 фоизи МДҲ давлатларига тўғри келиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,9 фоизга кўпайибди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо давлатлар билан ташқи савдо айланмаси 3,38 миллиард долларни ташкил этган. Шундан экспорт ҳажми 1,04 миллиард доллар, импорт ҳажми эса 2,33 миллиард доллар бўлибди.
Хуллас, шунақа гаплар, шунақа янгиликлар. Хўш уларни ким тўла нализ қилади, кимнинг қандай роли бор, буларни ким ўрганади? Шулар устида ўйлаш керак, ҳурматли ўқувчиларимиз!