20 May 2021
14:15 - Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси Фаластин-Исроил можаросига муносабат билдирибди: Минтақада зўравонлик ва шафқатсизликка йўл қўймаслик жуда муҳим!
Бир неча ҳафтадан буён Исроил ва Фаластин ўртасида давом этаётган можаро юзасидан Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси расмий муносабат билдиргани хабар қилинмоқда. Мана ўша хабарнинг баъзи жойлари:

“Шу кунларда Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси Шарқий Қуддусдаги мўмин-мусулмонлар учун энг табаррук минтақада нотинчликлар давом этаётганидан жиддий ташвишдадир.

Жаҳон ҳамжамияти Фаластин–Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, тинч йўл билан ҳал этилиши зарурлигини бот-бот таъкидламоқда. Зеро, Ислом дини, аввало, тинчлик ва дўстликка, аҳиллик ва бирдамликка ҳамда бағрикенгликка даъват этади.

Ал-Ақсо масжиди Ислом дини манбаларида келтирилган уч муқаддас масжиддан биридир. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: “Уловлар фақат учта масжид томонгагина жиҳозланади: Масжиди Ҳаром, менинг ушбу масжидим ва Масжиди Ақсо”.
Қуддус шаҳрида жойлашган муқаддас макон - Масжиди Ақсо ёхуд Байтул Мақдис Маккадаги Масжидул Ҳаромдан кейин қурилган энг қадимги масжид. Ушбу табаррук масканлар мўмин-мусулмонлар учун доимо азиз-у мукаррамдир.

Манбаларда қайд этилишига кўра, уни Одам алайҳиссалом барпо этган. Замонлар ўтиб эса Иброҳим алайҳиссалом уни қайта тиклаган. Кейин Исҳоқ ва Ёқуб алайҳиссаломлар унга масъул бўлдилар. Сўнг Сулаймон алайҳиссалом томонидан масжид янгидан қад ростлаб ҳозирги кўринишга келди.

Демак, Масжидул Ақсо Ислом динининг шиор маконларидан бири, икки қибланинг биринчиси, учта асосий масжидлар сирасидан, мусулмонларга тегишли муборак маскан. Ўз навбатида, ушбу минтақада бошқа дин вакиллари учун ҳам табаррук ҳисобланган зиёратгоҳлар мавжуд.

Шундай экан, минтақада зўравонлик, жабр-у ситамга чек қўйилиши ҳамда бундан буён шафқатсизлик ва қон тўкилишига йўл қўймаслик жуда ҳам муҳим ҳисобланади.

Зеро, Ислом дини инсонларга озор беришдан қайтаради. Нафақат инсон зотига, балки чумолига ҳам озор бериш, ҳаттоки азият берувчи бирор сўз айтишдан ҳам қайтаради.

Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси ҳозирги қалтис вазиятда давлатлар, миллатлар ва элатлар ўртасидаги низоларни тинч йўл билан ҳал этиш энг тўғри йўл, деб ҳисоблайди. Айни вақтда мўмин-мусулмонларни мавжуд воқеликни Қуддусдаги вазият билан боғлаган ҳолда ноўрин баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқаришга, нотўғри хатти-ҳаракатларга даъват қилаётган фитналардан эҳтиёт бўлишга чақирамиз.

Таъкидлаш жоизки, Шарқий Қуддусдаги нотинч вазият барчамизнинг дилларимизни оғритди, руҳониятимизни маҳзун қилди. Бундай пайтларда мўминнинг мўминдаги ҳаққи дуо қилишдир. Зеро, дуо нажот ва қалқондир. Яратган Парвардигордан илтижо қилиб сўраймизки, бутун дунё, хусусан, мусулмон оламида тинчлик ва офиятни барқарор этсин, Ер юзидаги барча мўмин-мусулмонларга омонлик, нусрат ва қалбларига сакинат ато этсин», – дейилади Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, Фаластин ва Исроил ўртасидаги ракета отишмалари 10 майдан буён давом этмоқда. Охирги маълумотларга кўра, Исроил томондан камида 10 киши ҳалок бўлган, юзлаб кишилар жароҳатланган. Фаластин томони 200дан ортиқ киши ҳалок бўлгани ва 6 мингга яқин киши яраланганини маълум қилди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону