28 April 2021
06:13 - Жуда қизиқ: 2021 йил бошидан бери Ўзбекистондан 4 минг киши кўчиб кетибди, 2020 йилда жами 13 минг 611 киши кўчиб кетишган экан
Январь-март ойларида Ўзбекистондан жами 4 минг 94 киши бошқа мамлакатларга доимий яшаш учун жўнаб кетибди ва бор-йўғи 578 киши Ўзбекистонга кўчиб келибди.

Бу хабарлар Spot.uz давлат статистика қўмитаси маълумотларига асосланган.

Кўчиб кетганларнинг кўпчилиги Қозоғистонга тўғри келади – 3 минг 372 киши. Иккинчи ўринда эса Россия - 526. Шунингдек, 60 киши Исроилга, 24 киши Қирғизистонга, 9 киши Тожикистонга, яна 103 киши бошқа мамлакатларга кўчиб кетишди.

Ўзбекистонга эса, жорий йилнинг бошидан бери 578 киши кўчиб келган. Бу ерда ҳам Қозоғистон биринчи ўринда (210 киши), Тожикистон иккинчи ўринда (137 киши), Россия учинчи ўринда (99 киши). Шунингдек 27 киши Қирғизистондан, 21 киши Туркманистондан, яна 84 киши бошқа мамлакатлардан кўчиб келишган.

Ҳозирда Қозоғистонда этник қозоқларни мамлакатга қайтариш дастури амалга оширилмоқда. Репатриантларни оралманлар ёки қандаслар деб аташади, улар маълум имтиёзларга эга, масалан, иш ва уй-жой билан таъминланишда ёрдам кўрсатиш, нафақа, университетларга киришда алоҳида квоталар каби.

2020 йилда уларнинг сони 12,5 мингдан ошган бўлиб, уларнинг 30 фоизи собиқ ўзбеклардир. Айтиш керакки, 2020 йилда Ўзбекистондан жами 13 минг 611 киши бошқа мамлакатларга доимий яшаш учун кўчиб кетишган. Кўчиб келганлар сони эса, бор-йўғи 1 минг 105 киши бўлибди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону