01 April 2021
16:49 - COVID-19га қарши вакцина: ўзбекистонликлар эмланишга тайёрми? “Ҳаракат” нима дейди?
Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш апрель ойидан бошланади. Бу борада жамоатчиликда турли фикрлар шаклланиб улгурди, қайси вакцинани олиш керак, улар эмланишга арзийдими-йўқми, деган масалаларда муҳокамалар авж олмоқда...

COVID-19га қарши эмланиш, аҳолини эмланишга эргаштириш дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун долзарб. Масалан, бир қатор Европа мамлакатларида аҳоли, шу жумладан тиббиёт ходимлари вакциналарга шубҳа билан қарамоқда. 2020 йилнинг ноябрь ойида CОSМО лойиҳаси доирасида Германиянинг Эрфурт университети, Роберт Кох номидаги институт ва Соғлиқни сақлаш соҳасидаги Федерал ахборот маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, тиббиёт ходимлари орасида коронавирусга қарши эмланишга тайёрлик 7 баллик шкала бўйича 3,98 баллни ташкил этди. Аҳоли орасида эса ушбу кўрсаткич юқори бўлди - 4,45 балл.

Ушбу тенденцияни ўтган йилнинг декабрь ойи бошларида интенсив ва шошилинч тиббиётнинг иккита касбий бирлашмаси -DGIIN ва DIVI томонидан 2 300 нафардан зиёд тиббиёт ходимлари ўртасида ўтказилган сўровнома ҳам тасдиқлади. Сўровнома натижаларига кўра, немис шифокорларининг 73 фоизи, ҳамширалар ва санитарларнинг атиги 50 фоизи коронавирусга қарши эмланишга тайёрлигини билдирди. Экспертларнинг таъкидлашича, кўплаб ҳамширалар ва санитарлар янги вакциналар етарлича синовдан ўтганига ишончи комил эмас, янги технологиялар қандай ножўя таъсирларга олиб келиши ҳали номаълум.

Бу каби қарашлар Россияда ҳам кузатилмоқда. Масалан, 2020 йилнинг 12-13 август кунлари “Справочник врача” (“Шифокор маълумотномаси”) ихтисослаштирилган илова орқали ўтказилган сўровда иштирок этган 3 040 нафар шифокор-мутахассисларнинг 52 фоизи Гамалея марказида яратилган коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасини олишга тайёр эмаслигини билдирган. Респондентларнинг 24,5 фоизи эмланишга рози бўлган.

Ўтган йилнинг август ойида рўйхатдан ўтказилган вакцинага ишончсизлик билдирилишининг сабаблари нимада? Респондентларнинг 66 фоизи ушбу саволга жавоб берар экан, унинг самарадорлиги тўғрисида етарли маълумотга эга эмасликларини маълум қилган. Вакцинанинг жуда қисқа вақт ичида яратилгани респондентларнинг 48 фоизини иккилантириб қўйган. Сўров иштирокчиларининг 20 фоизи беморларга, ҳамкасбларига ёки танишларига эмланишни тавсия қилишини айтган.

Ҳозирда Ўзбекистонда Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Вирусология илмий-тадқиқот институти ва Хитой Халқ Республикасининг Anhui Zhifei Loncom Biofharmaceutical тадқиқот маркази ҳамкорлигида COVID-19га қарши янги - ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 3-клиник синов босқичи давом этмоқда.

ZF-UZ-VAC 2001 рекомбинант вакцинасининг клиник тадқиқотлари юртимизда 2020 йилнинг 12 декабрида бошланди, 16 декабрда эса илк кўнгиллига биринчи вакцина юборилди. Шу кундан бери жами 14 405 нафар кўнгилли скринингдан ўтказилди. Улардан 13 100 нафари COVID-19га экспресс тест, 9 970 нафари ПЗР таҳлили орқали текширилди. COVID-19 инфекцияси аниқланмаган кўнгиллилар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Жорий йилнинг 24 март ҳолатига 6 860 нафар кўнгилли Ўзбекистон-Хитой ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг биринчи дозаси билан, 6 630 нафар кўнгилли иккинчи дозаси билан ва 2 964 нафар кўнгилли учинчи дозаси билан эмланди. Бироқ статистикадан ташқари, эмланганларнинг аҳволи, тадқиқот натижалари (ҳеч бўлмаганда оралиқ натижалари) ҳақида расмий маълумот йўқ. Бу, ўз навбатида, турли миш-мишлар ва тахминларнинг пайдо бўлишига, аҳоли ўртасида эмланишга нисбатан ишончсизлик ортишига олиб келади.

Республикамизга Хитойдан ташқари яна бошқа давлатлардан вакциналар олиб келиниши режалаштирилган. Тез орада бошланадиган эмлаш тадбирлари ҳақида Интернет фойдаланувчиларининг кайфияти ва фикрларини билиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати 29-31 март кунлари Telegram мессенжерида онлайн-сўров ўтказди. Уч кун давомида деярли барча вилоятлардан 19 мингдан зиёд иштирокчилар қамраб олинди (хусусан, ушбу онлайн-сўров мессенжердаги 30 дан ортиқ канал ва гуруҳларда чоп этилди).

Эътиборлиси, онлайн-сўровда респондентларнинг 44 фоизи (8 599 овоз) “Эмланмайман” вариантини танлади. Сўров иштирокчиларининг учдан бир қисми - 34 фоизи (6 641) Россиянинг “Спутник V”, 8 фоизи (1 516) Хитой—Ўзбекистон ҳаммуаллифлигидаги “ZF-UZ-VAC2001” ва 7 фоизи (1 351) АҚШ-Германия ишлаб чиқарган “Pfizer/BioNTech” вакциналарига овоз берди. Респондентларнинг 5 фоизи (959) “AsrtaZeneca” (Буюк Британия), 2 фоизи (327) “Moderna” (АҚШ) вакциналарини танлади.

Албатта, бу маълумотларни тўлиқ социологик кесим сифатида ҳисоблаш ноўрин, аммо шунга қарамай, ўзбекистонликларнинг маълум бир қисми эмланишни рад этади, дейиш мумкин.

Сўров давомида айрим фойдаланувчилар изоҳлар ва Telegram бот орқали бир қатор ўринли саволларни қолдиришди. Жумладан:

- Нима учун эмланганларнинг соғлиғи тўғрисида маълумот йўқ?

- Турли хилдаги вакциналарнинг одамларда ножўя таъсири қандай?

- Эмлаш жараёнига қандай тайёргарлик кўриш керак?

- Киши коронавирус билан касалланган ва антитаначаларга эга бўлса ҳам эмланиши зарурми?

- Эмланишдан кейин юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар ва хавфлар тўғрисида батафсил маълумотни қаердан олиш мумкин?

- У ёки бу вакцинани танлашда давлат органлари, шу жумладан Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайси факторларни инобатга олган? Дастлабки тадқиқотлар ўтказилганми?

Мутахассисларнинг фикрига кўра, эмланишдан бош тортиш - ҳар доим ҳам қўрқув ёки ишончсизлик билан боғлиқ эмас. Асосий сабаблардан бири одамларнинг COVID-19га қайта чалинаётганидир. Касал бўлмаганларнинг бир қисми бошқа вакцинани кутмоқда, бошқа қисми эса уларда ёки қариндошларида эмланиш қандай ўтишидан хавотирда. Баъзилар ножўя таъсирлардан қўрқишади. Қўрқув вакцина сифатига ишончсизликни ҳам келтириб чиқаради.

Яна бошқа омиллардан бири аҳолининг соғлиқни сақлаш тизимидан тўла қониқмаслигидир. Одамлар ортиқча бюрократияга, катта навбатларга дуч келишдан қўрқади, вакцина асоратлари бўлган тақдирда уларга малакали тиббий ёрдам ўз вақтида кўрсатилишига шубҳа билан қарайди, самарасиз ташкил этилган эмлаш жараёни уларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкинлигидан хавотирланади.

Муаммога ечим излаш учун вазиятли чоралар эмас, балки тизим керак. Биринчи навбатда, фуқароларнинг тиббиётга бўлган институционал ишончсизлигини бартараф этиш лозим. Тиббиёт ходимлари ва оддий фуқаролар ўртасида эмлаш тўғрисида оммавий ва очиқ ахборот кампаниясини бошлаш зарур.

Шу нуқтаи назардан "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати қуйидагиларни таклиф қилади:
- Республика аҳолисининг вакцинага бўлган эҳтиёжлари ва уларнинг афзалликларини ўрганиш учун тўлиқ социологик тадқиқотлар ўтказиш. Эмлаш учун катта молиявий харажатлар, шу жумладан давлат бюджети маблағлари талаб этилади, шунинг учун олинган маълумотлар харидлар жараёнида ва жараённи ташкил этишда ҳисобга олиниши керак. Давлат раҳбари мураккаб масалаларни ҳал қилишда аҳолининг фикри ва кайфиятини инобатга олиш зарурлигини бир неча марта таъкидлаган.

- Эмлашни амалга оширадиган мутахассисларни ўқитиш, эмланишга хайрихоҳ бўлмаган ёки руҳан тайёр бўлмаган аудитория билан ишлаш бўйича тренинглар ташкил этиш. Бу тиббиёт ходимларига турли тоифадаги беморлар билан эмлаш масалаларида мулоқот қилиш малакаларини ривожлантиришга имкон беради.

- Беморларга ахборот етказишда норасмий ёндашиш, хабарларни тушунарли тарзда етказиш. Ушбу мақсадларга турли ёш гуруҳларидан иборат волонтёрларни жалб қилиш мумкин. Замонавий мултимедиа технологияларидан - инфографика, видеофильмлар ва бошқалардан фойдаланиш ўз самарасини беради.

- Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа масъул идоралар томонидан тўлақонли ва ишончли маълумотларни, айтайлик, “COVID-19 вакциналари ҳақида ҳақиқат” рукни остида ўз манбаларида (шу жумладан ижтимоий тармоқларда) тақдим этиш. Бунда алоҳида вакцина шиша идишини ишлаб чиқаришдан тортиб, маълум бир кишига етказиш жараёнини кўрсатиш мумкин. Эмланишдан кейинги ҳар қандай асоратлар тўғрисидаги ахборот - фактлар, тушунтиришлар ва статистик маълумотларни очиқ эълон қилиш муҳим, шунда уйдирмаларга, жамоатчилик фикри манипуляция қилинишига ўрин қолмайди.

- Вакциналар ҳақидаги афсоналарни йўққа чиқариш. Вакциналар ҳақида маълумот излаганда, биринчи галда, “фитна назариялари” эмас, балки ишончли илмий далиллар пайдо бўлиши аҳамиятлидир.

- Таниқли давлат ва жамоат арбобларининг эмланиш жараёнини намойиш этиш, фаол фуқароларнинг фикрларини бериб бориш. Вакцина олганларнинг ижобий фикрлари аҳолини қўрқувдан халос этиши мумкин. Мисол тариқасида COVID-19га қарши эмланган таниқли блогерлар ва инфлюенсерлар томонидан “онлайн кундалик”лар олиб борилиши мумкин.

Бундан ташқари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қуйидагиларга тайёр:

- эмлашни амалга оширишга масъул бўлган давлат тузилмалари, миллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда “жамоат эшитувлари”ни ташкил этиш;

- ушбу йўналишда волонтёрларни тайёрлашга кўмаклашиш (Волонтёрлар ассоциацияси билан биргаликда);

- эмлаш бўйича туркум чиқишлар қилиш, хусусан, экспертлар хулосаларини бериб бориш, инфографикалар тайёрлаш.

“Юксалиш” Умуммиллий Ҳаракати матбуот хизмати

* * * * *

“Ҳаракат”: Аввалги хабарларимизда “Юксалиш” Умуммиллий Ҳаракати ҳақида асосан салбий мулоҳазалар билдириб, унинг рақамларига эътибор ҳам бермасдик. Аммо, бугунги хабардаги РАҚАМЛАР ростакамга ўхшамоқда. Демак, ҳатто “Юксалиш” каби ташкилотларнинг баъзи рақамларига ҳам ҳурмат билан қараш керакка ўхшайди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону