17 March 2021
16:34 - “Ҳаракат” яна ҳақ чиқди: Тошкент вилоятида ҳам баъзи карантин чоралари кучайтирилади
Тошкент вилояти ҳудудида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вилоят масъуллари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда асосан аҳоли гавжум бўладиган бозор ва савдо марказлари, жамоат жойлари ва жамоат транспортларида ижтимоий масофани сақлаш, ҳимоя ниқобини тақиш ва антисептик воситалардан фойдаланиш ҳолатлари юзасидан вилоят ҳудудида назорат тадбирлари ўтказилиши белгиланди.

«Ҳурматли Тошкент вилояти аҳолиси ва меҳмонлари! Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ўзингиз ва ўзгалар соғлиғини асраш, вилоят ҳудудида касаллик тарқалишининг олдини олиш учун, белгиланган карантин қоидаларига қатъий амал қилишингизни сўраймиз», дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Бундан аввалроқ Тошкент шаҳрида карантин чоралари кучайтирилиши, хусусан, такси ва қурилишларда карантин чоралари кучайтирилиши, пойтахт ҳокимлиги ва унинг тизимидаги барча тузилмаларда турли йиғилишларни ўтказиш тақиқлангани ҳақида хабар берилган экан. Айни замонда, 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрида оммавий тадбирлар вақтинча тўхталиши мумкинлиги эълон қилинган эди.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда эпидемиологик вазият мураккаблаша бошлади. Январ-феврал ойларидаги пасайишдан сўнг март ойининг иккинчи ўн кунлигида коронавирусдан касалланиш ҳолатлари ўса бошлади. ССВ матбуот хизмати хабарига кўра, 16 март куни Ўзбекистон бўйлаб 115та янги ҳолат қайд этилган. Шундан 92 ҳолат Тошкент шаҳрида, 18 ҳолат Тошкент вилоятида юз бергани хабарларда айтилмоқда.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону