Қирғизистон Президенти Садир Жапаров 41 ёшли Улуғбек Мариповни Бош Вазир этиб тайинлаш бўйича фармон имзолагани эълон қилинди. Бу йигит турли лавозимларда, жумладан собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг ёрдамчиси сифатида ҳам фаолият юритган экан.
Аввал Юқори Кенгаш Улуғбек Мариповнинг номзодини Бош Вазир лавозимига тайинлаган бўлиб, кейин у томонидан таклиф қилинган ҳукумат таркиби ҳам маъқулланибди.
Қирғизистон Парламенти қарорига кўра, аввалги ҳукуматнинг деярли ярим аъзолари, жумладан, Бош Вазир Биринчи Ўринбосари Артём Новиков, Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси Раиси Қамчибек Ташиев ва Ташқи Ишлар Вазири Руслан Казакбаев ўз лавозимларини сақлаб қолишган. Бир неча кун аввал қайта ташкил этилган Мудофаа Вазирлигига Таалайбек Омуралиев раҳбар этиб тайинланганди.
Қирғизистоннинг янги ҳукуматида вазирликлар ва бошқармалар сони аввалги ҳукуматга нисбатан деярли 2 марта қисқартирилгани ҳам катта ютуқ сифатида кўрсатилмоқда.