Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё 28 январь куни Корея Республикаси Президенти Мун Жэ Ин (расмда) билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказиб, бугунги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик ришталарини ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ўрин олганини тан олибдилар.
“Давлат раҳбарлари тадбирни очиб, бир-бирларини самимий қутлар эканлар, ушбу саммит кириб келган янги йилда иккала томон учун ҳам биринчи учрашув эканини алоҳида қайд этдилар. Бу икки томонлама ҳамкорликда жуда юксак даражага эришилганидан яна бир бор далолат беради”, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатлар борасида сўз юритар эканлар, алоҳида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш тарафдори эканликларини таъкидладилар, мунтазам сиёсий маслаҳатлашувларни давом эттириш ва парламентлараро алмашинувларни фаоллаштириш, мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш бўйича икки томонлама тадбирлар дастурини тайёрлаш юзасидан келишувларга эришилибди, яъни бу ҳам оддий меморандум бўлса керак.
Икки президент Ўзбекистон ҳудудларида Жанубий Корея етакчи университетларининг филиаллари ва кадрларни профессионал тайёрлаш бўйича қўшма марказлар сони ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этилибди, етакчи олий таълим муассасаларида ўзбек ва корейс тилларини ўқитишни кенгайтиришга, шунингдек, корейс диаспорасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилибди.
Иқтисодий соҳада Ўзбекистон ва Корея ҳукуматлари ва идоралари даражасида йўлга қўйилган самарали ишлар қайд этилган ва президентлар инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал қилиш мақсадида ушбу мулоқотларни давом эттириш топшириғини берганлар.
Жорий йилда жанубий кореялик ҳамкорлар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида жами 400 миллион долларгача инвестицияларни ўзлаштириш кутилаётганмиш, юқори технологик соҳаларда, шу жумладан энергетика, нефть-газ, кимё ва нефть-кимё, фармацевтика, қайта ишлаш саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани модернизация қилиш, транспорт ва логистика, туризм ва кўплаб бошқа тармоқларда қиймати жами 3,4 миллиард доллардан зиёд бўлган 55та янги лойиҳа тайёрланмоқда эмиш.
Президент Мун Жэ Ин Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиши масаласига ҳар томонлама кўмаклашишини яна бир бор тасдиқлабди. Давлат раҳбарлари экология соҳасидаги ҳамкорлик, шу жумладан Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида тўхталиб, келажак тадбирларини белгилашибди.
“Тўртинчи саноат инқилоб”га кўмаклашиш мақсадида рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум, EDCF билан ҳамкорлик бўйича уч йилга мўлжалланган 1 миллиард долларлик дастурни амалга ошириш бўйича битим, замонавий кўп тармоқли клиника ва лойиҳавий институт - Кимёвий Технологиялар Марказини қуриш лойиҳалари бўйича ҳам меморандум, яъни келишувлар имзоланибди.
Қисқа қилиб айтсак, дейди “Ҳаракат” мухбири, бутун учрашув икки томонлама фойда чиқариш ҳақидаги меморандумлардан иборат бўлганга ўхшайди. Хўш, энди нима бўлади? Мана бу – муҳим савол ва унга муҳим жавоб лозим. Аммо, иккала давлат раҳбари бундай масалаларга жиддий ёндошмаганлар. Шу сабабли биронта жиддий натижа кутиш ҳам қийинга ўхшамоқда.
Кўрамиз, буёғи нима бўлади? Ҳурматли ўқувчиларимиздан илтимос қиламиз, бу масала бўйича ўз фикрларингизни билдиринг, халқимизга фойдаси бўлса, буни кўрсатиб беринг!