14 December 2020
22:26 - “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг таклифлари эътиборга олинди: Ўзбекистоннинг давлат ташкилотларида янги йил муносабати билан корпоратив байрам тадбирлари ўтказиш тақиқланди

Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика Махсус Комиссияси баёноти эълон қилинди ва унда шундай гаплар айтилди.

Баёнотда, жумладан, шундай дейилади. Сўнгги вақтда жаҳонда, шу жумладан, қўшни давлатларда карантин чекловларининг амал қилиш муддати узайтириб борилаётгани, шунингдек янги 2021 йил кириб келаётганини инобатга олиб, эпидемиологик вазиятнинг барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида қуйидагилар эълон қилинмоқда:

- вазирлик, идоралар, давлат улуши бўлган корхоналар ва бошқа ташкилотларига турли хил корпоратив байрам тадбирлари ташкил этиш тақиқланди;

- вазирлик, идоралар, давлат улуши бўлган корхоналар ва бошқа ташкилотларига корпоратив байрам тадбирларидан тежаб қолинган маблағларни таълим, соғлиқни сақлаш, меҳрибонлик уйлари ва бошқа ижтимоий соҳаларга йўналтириш тавсия этилди;

- юқоридаги чеклов ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш объектларида 30 кишидан ошмаган ҳамда санитария-гигиена ва карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда байрам тадбирларини ўтказишга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланди;

- мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ҳамда олий таълим муассасаларида тарбияланувчилар, ўқувчилар ва талабалар иштирокида ёпиқ биноларда турли байрам тадбирлари ва кечаларини ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланди;

- фуқароларга янги 2021 йил байрами тадбирларини оила даврасида ўтказиш тавсия этилди;

- янги йил байрами муносабати билан болажонлар учун мўлжалланган “Президент арчаси” байрам тадбирлари фақатгина меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчалари тарбияланувчилари учун ўтказилиши белгиланди, бунда тарбияланувчиларнинг биргаликда бир масканда истиқомат қилиши инобатга олинди;

- вилоятлар, туманлар марказлари ва шаҳарларда очиқ осмон остида арчалар ўрнатиш тавсия этилди.

Вазирлик, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда хўжалик бирлашмалари янги 2021 йил байрами тадбирларини оила даврасида ўтказиш учун ходимларга зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўришлари керак, ресторан, кафе, чойхона ва бошқа умумий овқатланиш шохобчаларида карантин чекловларига қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Хуллас, кўриб турибсизки, Ўзбекистоннинг расмий идоралари “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг расмий органи бўлган “Ҳаракат” Агентлигининг таклифларига қулоқ солиб, керакли хулосалар чиқаришга бошладилар. Бундай таклифлар қўллаб-қувватланиши лозим. Ҳурматли ўқувчиларимизни ҳам шундай қилишга чақирамиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону