Кеча (аслида, 18 ноябрда – “Ҳаракат”) Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ёшлар билан учрашув ўтказди. Унда қатнашган ёшлардан бири Ортиқхўжаевга валонтёрларни жамлаб, Ассоциация ёки Федерация ташкил этишни таклиф қилган. Ушбу таклифга муносабат билдирган ҳоким, сўнгги пайтларда волонтёрлар кўпайиб бораётганлигини ва уларнинг фаолиятига нисбатан шубҳаси борлигини айтган.
“ Валонтёрлик касбми ё ҳақиқатан ёрдам беришми, ё бундан даромад олишми? Шуни фарқига боролмаяпман. Ўзи валонтёр тушунчаси нима дегани? Кўнгилли ишчи дегани. Лекин мен бирорта валонтёрни уйда ётган қариянинг оёғига тоғорача тутиб, совунлаб ювиб қўйганини кўрмадим. Сочини тараб қўйинг, ювиб қўйинг. Шуни ҳеч кўрмадим. Ҳаммаси сумка-сумка нарса олиб бориб ташлаш билан овора. Буни бир кўриб чиқишимиз керак. Валонтёрлик хизматлари бўйича ҳам кўриб чиқиб, чуқур ўйлашимиз керак. Енгил ўйлаб ўтирадиган нарса эмас”, дейди Ортиқхўжаев.
Ҳокимнинг бу муносабати ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳокимнинг бу фикрини танқидий баҳолади.
"Тегилмаган шу волонтёрлар қолганди. Бу ёшларга мотивация эмас қўлига бир урадиган тадбир бўлипди. Ваҳоланки, пандемия даврида барча ёшлар бирлашди, Тошкент шаҳрини ҳокимият эплолмай қолганида, айнан шу волонтёрлар ҳаётини хавф остига қўйиб, одамлар дардига малҳам бўлди. Ўша пайтда ёрдамга муҳтож бўлиб, уйда ётган айрим қарияларга оёғини тоғорага сув солиб, совун билан ювиш эмас, балки сумкада ташилган егуликлар керак эди. Энди уларни ўрганиш керакмиш. Улар даромад оляптими ёки кўнгилли ёрдамчиларми, шуни ўрганиш керакмиш. Ўрганиш эмас, раҳмат дейиш керак. Ўрганиш керак бўлса, Тошкентда масала кўп.”
P.S.: Пичоқни олдин ўзинга ур, оғримаса бировга!", дейилади К.Алламжоновнинг муносабатида.
* * * * *
“Ҳаракат”: Кўриб турибсизки, ҳатто “Даракчи” газетаси Комил Алламжонов номи билан Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг дабдаласини чиқарибди.