19 July 2009
21:23 - Термез театрида “Туғилган кун” премьераси бўлди, асар муаллифи собиқ “Бирлик”чи эканлиги - баъзи мулоҳазаларга сабабдир

Маннон Уйғур номидаги Сурхондарё вилоят мусиқали драма театри жамоаси “Туғилган кун” комедиясини томошабинлар ҳукмига ҳавола этди. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим асари асосида саҳналаштирилган комедияда ҳаётда учраб турадиган айрим иллатлар фош этилиб, ростгўйлик, адолатпарварлик, ватанпарварлик каби олижаноб фазилатлар улуғланган. Бу ҳақда ЎзАнинг хабари тарқатилди.

Шуни айтиш керакки, дейди “Ҳаракат” мухбири, Усмон Азим “Бирлик” халқ ҳаракатининг асосчиларидан, унинг 19 кишилик Ташаббус гуруҳи аъзоларидан бири, Ташаббус гуруҳи раисининг, яъни Абдураҳим Пўлатнинг ўринбосари бўлган. Ўша пайтда “Бирлик”нинг қароргоҳи Усмон Азимнинг Ёзувчилар Уюшмаси биносидаги кабинетида жойлашган эди, Усмон Аъзимнинг Уюшмадаги лавозими эса, Уюшманинг Тошкент вилоят бўлими раиси бўлган. Шу сабали “Бирлик”нинг илк даврида Усмон Азим жуда катта роль ўйнаган. Ҳаракатнинг 1989 йил 28 майда ўтказилган Таъсис қурултойида у расман раис ўринбосари этиб сайланган.

“Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг айтишича, қурултойдан бироз кейин, ҳозир 53-54 лақаби билан танилган, ўша пайтда Ёзувчилар Уюшмасининг котиби бўлган Салой Мадамин Усмон Азимга қарши тушуниб бўлмас кампания бошлади ва уни Ёзувчилар Уюшмасидаги Тошкент вилояти бўлими раислигидан олдириб ташлаб, ўрнига ўзининг энг яқин дўсти, “Бирлик” Ташаббус гуруҳи аъзоси бўлса ҳам, Таъсис қурултойигача ортиқча кўринмаган Аҳмад Аъзамни олиб келди. Шу билан Аҳмад Аъзам, кабинети “Бирлик”нинг қарагоҳи бўлгани сабабли, Ҳаракатнинг фаолиятида катта роль ўйнашга бошлади.

Ёзувчилар Уюшмасининг Тошкент вилояти бўлимида Гавҳар Норматова котиба бўлган, у айни замонда “Бирлик” Марказий Кенгашининг ҳам котибаси эди. Усмон Азим ўрнига Аҳмад Аъзам олиб келинган кунларда, Гавҳар Номатова “Бирлик”нинг пулларини еб кетмоқда деган мутлақо ёлғонлар билан унга ҳужум бошлаган Дилором Исоқова унинг ўрнига олиб келинди. Кўринишидан, мақсад унинг “Бирлик” котиби қилиш эди. Бу ишларнинг ҳаммаси, таъсис Қурултойидан бироз кейин кейин, яъни, Ислом Карим 15 ёки 17 июнь куни Ўзбекистонга хўжайин қилиб тайинлангандан кейин бошланди.

Мен, деб давом этади, Абдураҳим Пўлат, “Бирлик”га қарши фитна Салой Мадамин илк марта ва яширинча Ислом Карим билан 1989 йил 30 август куни учрашгандан кейин бошланган деб ҳисоблайман ва бу ҳақда кўп марта ёзганман. Лекин, аслида, фитна “Бирлик”дан Усмон Азим ва Гавҳар Норматовани узоқлаштириб, уларнинг ўрнига Аҳмад Аъзам ва Дилором Исоқованинг олиб келиниши билан бошланган, деган шубҳам бор.

Бу ишларнинг режиссери Ислом Каримнинг топшириғи билан иш бошлаган КГБ бўлганига мутлақо шубҳа йўқ. Ўша вақтдаги воқеаларни тўғри тушуниш учун билиш керакки, Ислом Карим тахтга келмагунча, КГБ норасмийлар деб айтилган демократ мухолифатчиларнинг фаолиятини назорат остида тутса ҳам, уларнинг ишига аралашмасди.

КГБ Ўзбекистон раҳбарларига эмас, Москвага бўйсинадиган ташкилот эканлигини назарга олсакгина, рус империясининг келажагига асосий хавф солиши муқаррар бўлган ўзбекларнинг миллий ташкилотини парчалаш ишининг бошида Лубянка турганини, Ислом Карим ҳам айнан Лубянканинг одами бўлганини тушунамиз. Салой Мадамин, Аҳмад Аъзам ва Дилором Исоқова каби ёзувчилар шунчаки ўйинчоқ бўлишган.

Ўша йили сентябрь ва октябрь ойларида менинг атрофимдаги ҳақиқий демократ бирликчлар Салой Мадамин гуруҳи устидан, тўғрироғи, КГБ устидан ғалаб қозонмаса эди, “Бирлик” ўша пайтдаёқ битарди. Бошқа томондан, агар мен Усмон Азим билан Гавҳар Норматованинг ташкилотимиздан четлатилиши орқасида нималар турганини вақтида тўғри таҳлил қилсам эди, ўша даврдаги ғалабамиз яна ҳам самаралироқ бўларди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону