10 November 2020
15:08 - Бош Прокурор Ниғматилла Йўлдош айтишича, бюджет прогнозини бажариш учун тадбиркорлардан 823 миллиард сўм ортиқча солиқ тўлови ундирилганмиш
Шу кунларда коррупция масалаларига бағишлаб ўтказилган идоралараро йиғилишда Бош Прокурор Ниғматилла Йўлдош солиқ органларида ишлаган айрим ходимларнинг фаолиятини танқид қилибди ва давлат солиқ сиёсати ва бюджет тушумига масъул идора солиқ хизмати органларини ҳам коррупциядан ҳоли эмаслигини билдиришгача борибди.

Унинг нутқида шундай дейилибди: “Хусусан, сўнгги икки йилда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилгани учун 31 нафар солиқ ходими жиноий жавобгарликка тортилган. Масалан, Данғара тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари Турғунбоев коррупцияга мойиллиги туфайли солиқ органларидан бўшатилган Мўминов ва Каримовни ишга қабул қилиб, пул маблағларини нақдлаштириш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ тузган. Уюшган гуруҳ бошқа фуқаролар номига 22та сохта фирмаларни очиб, уларга норасмий раҳбарлик қилиб келган.

Ушбу фирмаларда 268 миллиард сўмлик ноқонуний пул айланмалари амалга оширилиб, 19 миллиард сўм солиқ тўловидан қочишга эришилган, шунингдек жиноий йўл билан топилган 200 миллион сўм легаллаштирилган. Ҳозирда Турғунбоев ва унинг 14 нафар жиноий шериклари судда жавоб бермоқда”.

Хуллас, давлатнинг Бош Прокурори Ниғматилла Йўлдошнинг нутқидан маълум бўлишича, масалан, Фарғона шаҳар солиқ инспекцияси ходимлари бюджет тушуми режасини бажариш ҳамда бюджет маблағларини ўмаришнинг “ноёб” услубини ўйлаб топишганмиш: “Улар 52та солиқ тўловчи ташкилотнинг солиқ базасидаги ҳисобварақаларига жами 3,5 миллиард сўм солиқ тўланганлиги ҳақида сохта маълумотларни киритиб, гўёки ортиқча тўловларни ҳосил қилишган. Сўнгра, сунъий ҳосил қилинган ортиқча тўловларни ўз эгаларига қайтариш важи билан молия бўлимига сохта хулосаларни ҳам тақдим этишдан тап тортишмаган. Шундай қилиб, улар 1,2 миллиард сўмни ўзига таниш фирмалар орқали талон-торож қилишган. Ўйлаб кўринг, солиқ идораси раҳбари фирма тузиб, иқтисодий жиноятларга бошчилик қилса, бошқалари солиқ учун тўланган маблағни ўзлаштирса, инсофли тадбиркорлар қатламини шакллантириш ва хуфёна иқтисодиётга барҳам бериш ҳақида қандай гап-сўз бўлиши мумкин?”.

Бош Прокурор таъкидлашича, ўтган даврда 1781та ҳолат бўйича 24 миллиард сўмлик қўшимча маблағлар солиқ базасига қамраб олинмаган. Жумладан, Бухоро вилоятида 1,7 миллиард, Фарғона вилоятида 2,6 миллиард, Тошкент шаҳрида 3,9 миллиард, Самарқандда 4,2 миллиард ва Жиззахда 11,9 миллиард сўмлик солиқ ҳисобланиши ва ундирилиши мумкин бўлган аниқ объектлар рўйхатга олинмаганмиш.

Қисқа қилиб айтсак, ҳаммаёқ дабадала, коронавирус пандемияси туфайли берилган имтиёзлар ҳам тўлиқ қўлланилмасдан, ҳозирга қадар 2 минг 747та субъектга қўйилган 5,5 миллиард сўмлик инкассо топшириғи чақириб олинмаганмиш.

Қани, ҳурматли ўқувчиларимиз, бк ҳақда қандай фикр билдирадилар? Аслида, бу ишларнинг бош айбдорларидан бири айнан Бош Прокурор Ниғматилла Йўлдош эмасми? Айнан шу одам “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг кўп йиллардан бери Ўзбекистонда ФУНДАМЕНТАЛ ислоҳотлар ўтказишга чақириқларини эшитмаганмиди ва бундай ислоҳотларнинг марказида ДАВЛАТ ИҚТИСОДИЁТИНИ тўла бозор иқтисодиётига ва демократия йўналишига ўтказиш кераклиги ҳақидаги таклифларини мутлақо тилга олинмаётганини билмасмиди?

Бундай ишлар билан олға кетиб бўлмайди, ўртоқ Ниғматилла Йўлдош!

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону