10 November 2020
01:03 - Юсуф Жума: Тенгсиз Тангри берган шеърлар


Итдан ҳам , битдан ҳам ҳурмат кутмагин,
Кимдан ҳурмат кутсанг - ўшанга тенгсан.
Ғўр аҳли тахтдан ҳам ҳурмат кутмагин,
Кимдан ҳурмат кутсанг - ўшанга тенгсан.

Барчанинг кўнглига қарадим,бироқ
Барининг бир пойи - кўксимда пичоқ,
Иккинчи оёғи - бошимда тўқмоқ,
Кимдан ҳурмат кутсанг - ўшанга тенгсан.

Эсдан озмаган бор - деган беэсдир.
Очиқ кўзли кўрдим - деган бекўздир,
Эсли ҳам,кўзли ҳам - Тангри ёлғиздир,
Кимдан ҳурмат кутсанг - ўшанга тенгсан.

Ҳамма бир-бирининг қўлига қарар.
Дўстим келар деб ёв йўлига қарар,
Нодон ўғил - қизга - тўлига қарар,
Кимдан ҳурмат кутсанг - ўшанга тенгсан.

Тож кийса ҳаттоки бир даюс - далла,
Иркит пайтаваси барчага салла,
Оғзига,қўлига қарайди гала.
Кимдан ҳурмат кутсанг - ўшанга тенгсан.

Кўнглим одамзотдан шомдайин хомуш,
Осмон усти - ўнгдир, осмон ости - туш,
Юсуф Бир Тангридан кутади олқиш,
Кимдан ҳурмат кутсанг - ўшанга тенгсан!

2020 йил, 31 октябрь

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону