22 September 2020
14:34 - Kun.uz: Урганчда халқаро университет ташкил этилди
Олий таълим соҳасида замонавий технологиялар ва инновацияларга асосланган нодавлат таълим хизматлари кўрсатилишини янада ривожлантириш, олий маълумотли кадрлар тайёрлашда давлат ташкилотлари ва нодавлат ташкилотлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, етакчи халқаро таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Урганч шаҳрида халқаро «Binary» университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги билан «Binary» университети (Малайзия) ўртасида 2020 йил 8 майда Урганч шаҳрида халқаро «Binary» университетини ташкил этиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатларнинг асосий принциплари тўғрисида келишув имзоланган.

Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Binary» университетининг (Малайзия) Урганч шаҳрида халқаро «Binary» университети филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди:

ҳудудда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий тадбиркорликнинг ривожланиши тенденцияларини инобатга олган ҳолда тадбиркорлик ва бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ҳамда иқтисодиётнинг эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳалари бўйича малакали олий маълумотли кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришда республика ва хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;

Филиалда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини жорий этиш;
хорижнинг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;

таълим дастурларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш;

таълим жараёнига етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини кенг жалб қилиш орқали замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;

профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан, уларнинг стажировкасини нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш;

республика иқтисодиёти тармоқларига инновацияларни жорий қилишни рағбатлантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш;

таълим ва илм-фаннинг узлуксизлиги ва изчиллиги тамойили, шунингдек, жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга уйғун интеграциялашуви асосида мутахассислар ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш.

Белгилаб қўйилишича:

Филиал нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Филиалда ўқитиш Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда Университет томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ инглиз, рус ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

Филиалда бакалавриатнинг кундузги ва сиртқи таълим шакллари ҳамда магистратура бўйича кадрлар тайёрлаш амалга оширилади;

Филиалга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Университет ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда Филиал томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ва Малайзияда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади;

Филиалга Университет томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ижрочи директор раҳбарлик қилади;

Филиалда талабалар ўқиши учун тўлов-контракт маблағлари миқдори Университет томонидан белгиланади;

Филиалга белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олингандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади.

Филиал Хоразм вилояти, Урганч шаҳар, А. Баҳодирхон кўчаси, 195-уй манзилидаги Урганч давлат университетининг бино ва иншоотларида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Бунда мазкур бино ва иншоотлар ҳамда унга тегишли ҳудудни сақлаш билан боғлиқ барча харажатлар, жумладан, коммунал тўловлар Филиал маблағлари ҳисобига қопланади.

Манба – Kun.uz Интернет нашри.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону