Бандлик ва Меҳнат Вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқовга кўра, пахта теримига биринчи навбатда “темир дафтар”дагилар, оғир шароитда яшаётган фуқаролар, кўп болали хотин-қизлар, ишсиз йигитлар, айниқса меҳнат миграциясига кета олмаганлар фақат шартнома асосида жалб этилармиш.
Айнан шу масалаларга бағишланган Бандлик ва Меҳнат Муносабатлари вазирлигида ўтказилган халқаро онлайн давра суҳбати 11 сентябрда ўтказилибди. Бунинг кетидан вазир ўринбосари Баҳодир Умрзоқов Kun.uz мухбирига интервью бериб, пахта терими даврида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигига катта эътибор берибди. Аммо, саволлар кўп, ҳамма саволларга жавоб берилмаган.
Ўз нутқини “Эрта-индин жуда катта пахта кампанияси бошланади. Бу йилдаги мавсумнинг ўтган йиллардагидан фарқи шундан иборатки, бунда бирорта одам пахта теримига мажбуран бормайди” деб бошлаган вазир ўринбосари қуруқ гаплардан нарига ўтмаган, тўғрироғи, унга ўтишга рухсат берилмаган. Шу сабабли у “Биз энди пахта терувчиларни ҳашарчи демаяпмиз. Авваллари уларни маош билан эмас, ваъдалар билан, буйруқ, қўполлик ва қўрқитиш билан теримга жалб қилардик. Энди бу нарсаларга чек қўйилди.”
Вазир ўринбосари “Ҳаракат”нинг сайтида аввал ҳам айтилган гапларни такрорлаб, биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда 1400, қийин шароит ҳам ҳисобга олиниб 200 сўм қўшилишини ва шу каби қуруқ гапларни такрорлаган. Унинг қолган гаплари ҳам шунақа, кўчада қолиб кетаверадиган гаплар.
Хуллас, Бандлик ва Меҳнат Вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов халқни алдаш билан шуғулланган. Чунки, у айтган гапларнинг БИРОНТАСИНИ исботлаб бўлмайди.