28 July 2020
15:23 - Kun.uz: «Аутстаффинг» қулликнинг замонавий кўринишими?
Амалдаги қонун ҳужжатларига «аутстаффинг» тушунчаси киритилиши кутилмоқда. Бир корхонанинг штатдаги ходими бошқа бир корхона томонидан (штатга олмасдан) ишга ёлланишини назарда тутувчи бу амалиёт қонунийлаштирилиши касаба уюшмалари ташкилотларининг хавотирига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди. Маълум бўлишича, Қонун лойиҳасига янги «аутстаффинг» тушунчаси киритилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакилларининг маълум қилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мазкур қонун муҳокамасига бағишланган ялпи мажлисларида Федерация вакиллари иштироки таъминланмаган.

Ҳозирда, қонунга аутстаффинг тушунчаси киритилишига касаба уюшмалари эътироз билдирмоқда.

2020 йил 8 мартда кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонунининг 28-моддасида «Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда тегишли касаба уюшмаси ёки касаба уюшмалари бирлашмаси билан келишиб олиниши шарт», деб белгиланган.

Шунга қарамасдан мазкур қонун талабларига риоя этилмаган ҳолда касаба уюшмалари томонидан «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси розилигини олмасдан қабул қилинган ва Олий Мажлис Сенатига киритилган.

Маълум бўлишича, мазкур қонун лойиҳасининг Халқаро меҳнат ташкилотига тақдим этилган матнида ҳам «аутстаффинг» тушунчаси мавжуд бўлмаган.

Хўш, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга масъул бўлган касаба уюшмалари нима учун бу янгиликка қаршилик қилмоқда?

Ҳуқуқий адабиётлар ва интерент маълумотларига кўра, бирорта юридик шахснинг штатдаги ходими бошқа юридик шахс томонидан (штатга олмасдан) ишга ёлланиши (яъни ходимни ижарага бериш) аутстаффинг ҳисобланади.

Аутстаффингнинг ижарага олинган (заёмный) меҳнатдан фарқи шундаки, аутстаффинг қўлланганда ходим бошқа иш берувчининг ихтиёрига фақат унинг ўз розилиги билан жўнатилади.

Аутстаффинг (ижарага олинган меҳнат каби) ходимнинг эмас, балки иш берувчининг манфаатини кўпроқ ҳимоя қилади, чунки бу усул ходимларни сақлаб туриш харажатларини иқтисод қилиш имконини яратади.

Аутстаффинг ходимларининг меҳнат шароитлари штатдаги ходимларникидан анча ёмон бўлиб, уларга пастроқ иш ҳақи тўланиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Одатда қабул қилувчи ташкилотда ўрнатилган юқорироқ меҳнат стандартлари (масалан, устамалар, қўшимча тўловлар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар, компенсациялар ва ҳоказолар) аутсафферларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Шу билан бирга, битта ходим-аутстаффер иккита (аутстаффернинг ҳақиқий иш берувчиси ва вақтинча ёлловчи) иш берувчи учун қўшимча қиймат (фойда) яратиб беради, буни эса қулликнинг замонавий кўриниши деб баҳолаш ҳам мумкин.

Шунингдек, аутстаффинг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуннинг предмети эмас, чунки бу Қонуннинг асосий мақсади меҳнатда банд бўлмаган фуқароларни ишга жойлаштириш масаласини ҳал этишдан иборатдир, деб ҳисоблайди касаба уюшмаси вакиллари.

Ишлаб турган ходимни меҳнат муносабатлари ўзи имзолаган меҳнат шартномасида кўрсатилган иш берувчи билан бўладиган муносабатларни ўз ичига олади, бошқа иш берувчи билан эмас.

Қолаверса, «аутстаффинг» тушунчаси мазкур қонунга алоҳида модда сифатида киритилиши беқарор бандликнинг бошқа турлари (масофада туриб ишлаш, фриланс, бир марталик, вақтинчалик, мавсумий бандлик ва ҳоказолар)га ҳам ушбу қонунда изоҳ бериш лозимлигини келтириб чиқаради.

Шу боис, аутстаффинг зарур бўлса уни Меҳнат кодексига киритилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда ҳам ходим ишга қабул қилинаётганда келгусида аутсаффинг бўлиши мумкинлиги тўғрисида аввалдан хабардор бўлиши ва шунга кўнган ҳолда меҳнат муносабатларига киришиши керак.

Қонуннинг таклиф этилаётган лойиҳасида эса, ходим олдиндан бу ҳақда ҳабардор бўлмайди ва керак бўлиб қолганда факт олдида қўйилиб, бошқа иш жойига бориши кераклиги айтилади.

Тўғри, лойиҳада «унинг розилиги билан» деган жумла бор. Аммо ходим бундай таклифни рад этса, иш берувчининг «қора рўйхати»га тушиб қолиши, кейинчалик унинг ҳаракатларидан камчиликлар ахтарилиб, таъқиб қилиниши эҳтимолини юзага чиқаради.

Касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг манфаатлари йўлида қайғурар экан, аутсаффингга оид нормани Меҳнат кодексига киритиб унда қуйидагиларни назарда тутишни лозим деб ҳисоблайдилар:

- келгусида аутсаффинг қилиниши мумкинлиги ҳақида қоида албатта ходим билан у ишга киришдан аввал келишилиши ва бу меҳнат шартномасида акс этиши;
- ходим аутстаффинг қилиниши мумкин бўлмаган ишлар турлари (тоифалари) узил-кесил акс эттирилиши;
- асосий иш берувчи билан аутстаффинга чақираётган иш берувчи ўртасида тузиладиган шартномага ходим учинчи тараф бўлиб қўшилиши шартлиги назарда тутилиши;
- Аутстаффинг вақтида ходимга бажараётган иши бўйича, аммо асосий ишидагидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланиши шартлиги;
- жамоа шартномасида назарда тутилган барча кафолат ва имтиёзлар тўла сақланиб қолиши, зарур бўлганда аутстаффингга чақирган иш берувчининг розилигидан қатъи назар асосий иш берувчи ходимга меҳнат таътилини (шу жумладан иш ҳақи сақланмаган таътил) бериши муқаррарлиги;
- бу вақтда, агар аутстаффинга чақирган иш берувчи ходимга интизомий жазо беришни асосий иш берувчидан сўрайдиган бўлса, фақатгина асосий иш берувчи ва ходимнинг ҳолис вакилларидан иборат тузилган ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган хизмат текшируви натижасига кўра хулоса қилиниши мумкинлиги ва шу каби бошқа, ходимни меҳнат ҳуқуқини кафолатловчи нормалар тўлиқ ўз аксини топиши керак.

Шунингдек, аутстаффингнинг давомийлиги, йил давомида такрорланиши ҳам чегараланиб, аутстаффинг вақтидаги ҳар қандай нохуш ҳолат учун асосий иш берувчи жавобгарлиги ҳам қонунан белгилаб қўйилса ходимларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олди олинади.

Дилшод Абдуқодиров
ҳуқуқшунос

Манба: Kun.uz

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону