23 July 2020
16:46 - Термизда карантин чекловлари кучайтирилди
Термиз шаҳар эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссияси йиғилиши қарорига мувофиқ, шаҳарда карантин талаблари кучайтирилмоқда.

Унга кўра, 2020 йил 23 июлдан бошлаб номаълум муддатгача:

Фаолият туридан қатъи назар барча тадбиркорлик субъектлари, савдо дўконлари (озиқ-овқат ва дори-дармон савдоси бундан мустасно) кўнгилочар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, бар, спа ва массаж салонлар, караоке, билярд заллари, кальян марказлари, ресторанлар, реклама ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти турлари коронавирус касаллиги билан боғлик эпидемиологик ҳолат барқарорлашмагунча тўхтатилган.

Шунингдек, қуйидагилар кўзда тутилган:

- Карантин вақтида ҳудудларда мақсадсиз ва тегишли рухсатномасиз ҳаракатланаётган автомобиллар устидан ҳамда аҳолининг зарур бўлмаган ҳолларда кўчага чиқиши бўйича назорат ўрнатиш;
- шаҳарнинг кириш-чиқиш, асосий ва ички кўчаларида блок постларни кучайтирилган режимга ўтказиш;
- автотранспорт воситалари кириши ҳамда йўналишсиз таксилар ҳаракати тўлиқ тўхтатилиши,
- шаҳарда аҳолининг гавжум бўлиб юришини қатьий чеклаш.

Автотранспорт ва мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш ҳам карантин даврида вақтинча чекланади.

Бунда фақатгина ҳаётий зарур эҳтиёжлар озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учунгина рухсат этилади. Махсус рухсатнома (стикер)лари ва «етказиб бериш» хизмати мавжуд бўлган автотранспортлари ҳаракатланиши мумкин.

Белгиланган карантин талабалари бўйича шаҳардаги корхона, ташкилот ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари 25-26 июль кунлари ходимларни ишга жалб этмаслик, ходимларнинг ушбу кунлари уйда қолиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратиш талаб этилади.

Маълумки, Республика махсус комиссияси қарори билан 10 июлдан 1 августгача бутун республика бўйлаб қатъий карантин жорий этилганди. Kun.uz мухбири Термиз шаҳрида алоҳида чекловлар қабул қилиниши бўйича шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматидан изоҳ олди.

«Тўғри, республика бўйича карантин тартиби амал қилмоқда. Тартиб қоидалар ҳокимлик томонидан ҳам аҳолига тинимсиз тушунтирилмоқда. Аммо шу пайтгача барибир шаҳарда автомобил ҳаракати юқорилигича қолаётганди.

Аҳоли карантин қоидаларига бефарқ қарамоқда. Ҳаракатни қатъий чекламасак бўлмади. Бизда аҳвол жуда оғир», деди ҳокимлик матбуот хизмати раҳбари Абдуманнон Саидмаликов.

- Маълумот учун, Сурхондарёда пандемия даврида жами 343 ҳолат қайд этилган, шу вақтгача 175 киши тузалиб чиққан (51 фоиз) ва 6 бемор вафот этган (республикада Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан кейинги кўрсаткич). Вилоят ҳокими Тўра Боболов айни вақтда Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларидан бирида даволанмоқда. // Kun.uz

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону