12 July 2020
18:06 - “Масала ёпилди”: Дятлов гуруҳининг ҳалокати сабаби 60 йил ўтгач аниқланди
1959 йилда Россиянинг Свердловск областида Игорь Дятлов бошчилигидаги сайёҳлар гуруҳи ҳалокатига қор кўчкиси сабаб бўлган. Бу ҳақда Россия бош прокуратурасининг Урал федерал округи бўйича бошқармаси бошлиғи ўринбосари Андрей Курьяков Москвада ўтган матбуот анжуманда маълум қилди.

“Ҳалок бўлган сайёҳлардаги барча тан жароҳатлари кўчкига тушиб қолган алпинистлар гуруҳи оладиган жароҳатларга хосдир”, деб айтган Курьяков.

Унинг таъкидлашича, текширув давомида барча 9 сайёҳ олган жароҳатлар солиштирма таҳлили ўтказилган. Уларнинг барчаси, Александр Золотарев, Людмила Дубинина ва Николай Тибо-Бриньолдан ташқари, музлашдан ҳалок бўлган. Курьяковнинг таъкидлашича, Золотаревнинг қовурғалари синган бўлган.

“Агар юқоридан барча томондан қор (3-4 метрлик қор, тахминан ярим тонна келади) босган бўлса, тан жароҳатлари орқа томондан бўлиши керак. Барча ҳалок бўлганларда тан жароҳатлари орқа томондан бўлган”, деб таъкидлаб ўтган бош прокуратура вакили. Унинг таъкидлашича, бу жароҳатлар суйри куч босими билан етказилган.

“Давлат органи нуқтайи назаридан, текширув якунланди. У ўз хулосаларини чиқарган ва улар бўйича чоралар кўрилган. Бу эса расман ишнинг якун топганини англатади. Ушбу масала ёпилди”, деб айтган бош прокуратура вакили.

Ўз навбатида Урал федерал университети сайёҳларга Дятлов довонига экспедициялар уюштирмасликни тавсия қилган. “Экспертиза натижалари, қияликнинг хавфлилиги ва ҳудуднинг иқлим хусусиятларини ҳисобга олиб, университет сайёҳлардан ҳудудни ўрганиш учун сафарлардан тийилишни сўрайди”, деб айтилган университетда.

Дятлов довони деб Шимолий Уралдаги Отортен тоғи атрофлари аталади. Айнан шу ерда 1959 йил февралда Игорь Дятлов бошчилигидаги сайёҳлар гуруҳи ҳалокатга учраган. Ўшанда номаълум сабабларга кўра Урал политехника институти турклубининг 9 чанғичиси – 5 талаба, 3 муҳандис ва турбаза инструктори ҳалок бўлган. Гуруҳга 5-курс талабаси Игорь Дятлов бошчилик қилган.

Суд-тиббий экспертиза маълумотларига кўра, сайёҳларнинг кўпчилиги музлаб қолган, бироқ уларнинг баъзиларида ўлимга олиб келган жиддий жароҳатлар аниқланган.

Воқеанинг турли версиялари, жумладан сайёҳлар чодирининг қор остида қолиши, қочоқ маҳбуслар ҳужуми, туб аҳоли томонидан ўлдирилиш, сайёҳларнинг ўртасида низо чиқиши кабилар ўрганилган.

1959 йилда ушбу воқеа бўйича очилган жиноий ишнинг ёпилишидаги қарорда сайёҳлар ўлими сабаблари кўрсатилмагани, уларнинг кийимларида радиация излари топилгани, туб аҳоли – мансиларнинг 1959 йил февралида осмонда “оловли шарлар” кузатгани ҳақидаги ҳикоялари, ишнинг махфийлиги ҳақидаги гаплар гуруҳнинг ҳалокати бўйича кўплаб гумонлар пайдо бўлишига олиб келган.

Жумладан, 2014 йил Discovery Channel телеканалида эфирга узатилган ҳужжатли фильм муаллифлари сайёҳларни қор одам ўлдирган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни илгари суришган. // Kun.uz

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону