07 July 2020
15:46 - Kun.uz: Навоий вилоятида ҳам коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилгани ҳақида
Навоий вилоятида ҳам бир киши коронавирусга чалиниш оқибатида вафот этган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Қобил Турсунов вилоят аҳлига мурожаатида айтиб ўтди.

Вилоят раҳбари вилоятда эпидемиологик вазият ҳақида гапириб, фуқароларни карантин қоидаларига риоя этишга чақирган.

«Энг аянчлиси шундаки, куни кеча вилоятимизда олиб борилаётган даволаш-профилактика тадбирлари, тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, илк бор ўлим ҳолати қайд этилди», деган у.

Ўлим ҳолати айнан қачон юз бергани, беморнинг ёши ва жинсига доир маълумотларни келтирмаган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятида Саноат қурилиш банк бошқарувчиси ўринбосари Х.Ш. коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча ушбу вилоятда коронавирусдан ўлим рўй бергани ҳақидаги хабарни тасдиқламаган.

Маълумот учун, Навоий вилоятида шу кунгача коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 295 ҳолат қайд этилган, 252 бемор тузалиб чиққан.

Вилоятда бугунги кунда 2086 нафар фуқаро карантинга олинган, шундан 1095 нафари стационар шароитда, 991 нафари уйда назоратга олинган.

Манба – Kun.uz

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону