21 June 2020
17:27 - Ўзбекнинг тарихида қоладиган шармандалик: Ички Ишлар Вазири Зокиржон Алматов билан суҳбат ўтказиб, уни Андижон воқеалари бўйича оқлашга ҳаракат қилиниши ва ҳақиқат ҳақида
Ҳа, айнан шундай бўлди. Биздаги режимнинг қўғирчоқ оммавий ахборот воситаларидан бири ҳисобланадиган Kun.uz Интернет нашри 1991-2006 йиллари Ўзбекистон Ички Ишлар Вазири лавозимида ишлаган, 2005 йилдаги Андижон қонли воқеаларни уюштирган ва дунё жамоатчилигинг босими остида ўз лавозимидан улоқтирилган Зокиржон Алматов билан суҳбат ўтказди.

“Ҳаракат” Агентлиги бундай шармандачиликдан кейин, ўзининг Kun.uz сайтига муносабатини ўзгартириши ҳам мумкин эди. Аммо, бу ерда ҳисобга олиниши керак бўлган муҳим бир нарса бор. Бу – Андижондаги ўша қонли воқеалар куни айнан Шавкат Мирзиё Бош Вазир лавозимида бўлганлиги ва айнан ҳаромий Ислом Каримнинг ўлимидан кейин – Зокиржон Алматовни вазир маслаҳатчиси қилиб қўйганлигидир. Ҳеч шубҳасиз, бу Интернет нашр собиқ вазир билан суҳбат ўтказиши - юқоридан келган топшириқни бажариш мажбуриятидан келиб чиққан.

Суҳбатнинг бошланғич қисмида Зокиржон Алматов мустақилликнинг бошланғич йиллари қўлларидан келганча мавжуд режимнинг буйруқларИни бажарганларни тан олади. Аммо, 2005 йилдаги қонли Андижон воқеалари бўйича янги латифаларни айнан Зокиржон Алматов ўз бўйнига олгани ҳам ҳам кўриниб турибди.

Мана унинг ўша суҳбатда гапирган сўзлари: “Мени Андижон воқеаларида айбдор деб кўп гапиришади. Ҳа, мен ўшанда штаб бошлиғи бўлганман, қарорни мен қабул қилганман, аммо ким ўшанда Андижонга қурол кўтариб келди? Ким чегарадан қурол билан ўтди? Ким Ички Ишлар Вазирлигига қарашли ППСга қуролли ҳужум қилди, ким ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, қурол-яроғ олди? Ким тергов ҳибсхонасига ҳужум қилиб, 500дан ортиқ ашаддий жиноятчиларни чиқариб юборди? Ким ҳокимият биносини эгаллаб унга ўт қўйди? Ким юзга яқин суд-ҳуқуқ тизимидаги ходимларни тутқунда ушлаб, баъзиларини қатл этди? Ҳукумат нима, қараб туриши керакмиди?”

Кўрдингизми, ҳурматли ўқувчилар, собиқ вазир, энди бор-йўғи вазир маслаҳатчиси, ҳамма айбни акромийларнинг ўйинчоқлари бўйнига осмоқда. Хўш, ўшанда Зокиржон Алматовнинг ўзи қаерда эди? Нимага унинг вазирлигидагилар ҳамма қонунбузарликларга кўз юмиб келдилар? Демак, бош жиноятчилар айнан шу вазирликнинг ходимларими?

Ҳа, айнан шундай. Бош айбдорлар – шу вазирлик ва мавжуд режимнинг югурдаклари бўлган. Бу гапларимиз – қуруқ вайсаш эмас. Мана фактлар.

Маълумки, ўша йиллари “Бирлик” Халқ Ҳаракати қайтадан оёққа туриб, “Ҳаракат” журналини ҳам Интерентда, ҳам қоғозда чиқаришга бошлаган эди. Билмайдиганлар учун эслатиш керакки, 1995 йилда чиқишга бошлаган “Ҳаракат” журнали 2009 йилгача 75 сонини чиқарган. Улар Истанбулда чоп этиларди ва турли йўллар билан Ўзбекистонга олиб бориларди ва фаоллармиз ичида тарқатиларди.

Журналнинг қоғоздаги версияларини Ўзбекистондаги фаолларимиздан олиб кўриш мумкин. Бундай имкониятга эга бўлмаганлар, журналнинг 1996-2008 йиллардаги сонларини HARAKAT.NET сайтида ўқишлари мумкин.

Айнан ўша саҳифаларда кўрасизки, “Бирлик” Халқ Ҳаракати – ўз нашри бўлган “Ҳаракат” журналининг ҳамма саҳифаларини журналимизнинг ўша пайтда Интернетда жой олган саҳифаларига жойлаштирган. Айнан ўша ердаги мақолаларимиз Зокиржон Алматов кабиларнинг жиноятларини тўла исботлаб беради. Аслида, айбдор фақат Зокиржон Алматов эмас, ўша пайтдаги Президент Ислом Карим ва Бош Вазир Шавкат Мирзиё ҳам бўлган.

Ўша саҳифаларда кўрсатиб берилганки, 2001 йилнинг ёз ойларида “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг янги қурултойини ўтказиш учун ҳаракатлар бошланган. Аммо, у пайтда 2001 йил 9 сентябрдаги Нью-Йорк ва бошқа жойлардаги мудҳиш терактлар ҳали бўлмагани сабабли, ишимиз оғир кечган.

2001 йил 9 сентябрда Нью-Йоркда уюштирилан терактлардан кейин, Ўзбекистон АҚШнинг ёрдамчисига айланган, Ўзбекистонда сиёсий аҳвол юмшашга бошлаган. Ўшандан фойдаланиб, 2003 йилнинг май ойида “Бирлик”нинг қурултойини ўтказдик, кейин август ойида Қўқонда бу ташкилотни партияга айлантирдик – “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси.

Ўша даврда Ислом Карим ва Шавкат Мирзиёнинг режими бизни тўхтатиш учун кўп ишлар қилди, аммо тўхтатолмади. 2005 йилнинг бошларида Адлия Вазирлигидан охирги хабарни олдик. Нимамиш, бизнинг 21 минг кишилик тарафдорларимиз рўйхатидагиларнинг сал кам ҳаммаси сохта эмиш.

2005 йил 29 апрелда Тошкентда “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси Марказий Кенгашининг Ҳайъати йиғилишини ўтказдик ва май ойидан бошлаб, ойнинг охирги кунлари 200, 2 минг ва 20 минг аъзоларимизни Адлия Вазирлиги биноси олдига олиб келишга қарор қилдик. Бу қарор очиқча бўлган ва уни бутун дунёга эълон қилдик.

Таҳликага тушган Ислом Карим ва Шавкат Мирзиёнинг режими бизни тўхтатиш учун катта жиноят иши бошладилар. Бу ишни қўғирчоқ Зокиржон Алматов бошқарди. Режимнинг мақсади – катта провокация тайёрлаш ва Ўзбекистондаги аҳволни тубдан ўзгартириб ташлайдиган вазиятни ўртага чиқариш бўлган.

13 май куни Андижонда уюштирилган акромийлар қўзғалони – айнан мавжуд режимнинг маҳсулотидир. Кейинчалик, у қўзғалонда мингга яқин одам ўлгани исботланди. Ўн минглаб одамлар чет элларга қочдилар. Булар журналимиздаги мақолаларда аниқ фактлар билан кўрсатиб берилган.




Ҳеч шубҳа йўқки, Зокиржон Алматов ўша ишларнинг бошида турди ва ҳамма ишларга бошчилик қилди. Бу шармандалик хусусида ҳамма фактларни “Ҳаракат” журналида ўқинг ва Зокиржон Алматов билан Шавкат Мирзиёнинг аҳволига йиғланг.

Расмларда – “Ҳаракат” журналининг 1995 йилдаги сони ва Зокиржон Алматовнинг бугунги интервьюси.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону