Президент Матбуот Хизмати билдиришича, бугун 9 июнда Шавкат Мирзиё миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказибди ва бунинг учун қуйидаги 8 та асосий йўналишни кўрсатиб берибди:
- иқтисодиёт ва бюджет барқарорлигини таъминлаш;
- камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш;
- банк тизимидаги ислоҳотларни жадаллаштириш;
- тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш;
- экспорт салоҳиятини ошириш ва валюта тушумларини таъминлаш;
- саноатда рақобатбардошликни кучайтириш;
- кичик бизнесни ривожлантириш;
- рақамли технологияларни барча тармоқларда кенг жорий қилиш.
Қаранг, кечаги мажлисда Шавкат Мирзиёдан ташқари 6 киши иштирок этган эди. Бугунгисида 8 киши иштирок этибди. Бу кетишда, яқинда Шавкат Мирзиё каттароқ йиғилишлар ўтказиш учун етарлича жой ҳам тополмай қолади-ку!
Хабарда айтилишича, корхоналар фаолиятини қайта тиклаш ва солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш ҳисобига қўшимча даромадларни таъминлаш, ташқи қарз битимларини тузишда белгиланган чекловдан ошмаслик бўйича кўрсатма берилибди, бу йил 810 мингта доимий иш ўрнини қайта тиклаш, 310 минг доимий ва 633 мингта мавсумий иш ўрни яратиш зарурлиги таъкидланибди.
Энг муҳими, президент Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, камбағаллик даражаси юқори бўлган қишлоқларга вазирлик ва идораларни бириктириб, муҳтожларга кўмаклашиш тизимини яратиш, оилавий тадбиркорлик ва томорқачиликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берибди. Хабар шуларга ўхшаш маъно-матрасаси йўқ таклифлардан иборат, Ўзбекистон учун муҳим бўлган биронта маҳим қадам қўйиш тилга ҳам олинмаган.
Ваҳолангки, бундан аввалги хабаримизда ҳам “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси мамлакатимизда Шавкат Мирзиё таклиф қилаётган косметик эмас, ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш кераклигини урғулаган эди.
Яна қайтариш керакки, “Бирлик” Партияси таклиф қилаётган ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг марказида Ўзбекистонда ҲАҚИҚИЙ ДЕМОКРАТИЯ, яъни ҳақиқий ҳукумат, ҳақиқий парламент ва ҳақиқий маҳаллий кенгашлар яратиш кераклиги, оммавий ахборот воситалари мавжуд режимдан мустақил бўлишлари шартлиги урғуланган бўлса, иқтисодий ислоҳотларнинг марказида давлат иқтисодиётини ТЎЛА БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИГА ўтказиш ғояси ётиши шартлиги урғуланган.
Аммо, минг афсуски, аввал Ислом Карим, кейин Шавкат Мирзиё, бундай таклифларга ҚУЛОҚ СОЛИШМАДИ. Шу сабабли аҳволимиз ҳали ҳам ўта ҒАРИБ, аҳолимизнинг ўртача ойлиги ҳали ҳам тахминан 100 доллар атрофида, миллионлаб ватандошларимиз Россия ва бошқа мамлакатларда мардикорлик қилиб, ўша ердан юбораётган пуллари билан Ўзбекистоннинг Давлат Бюджетини оёқда ушлаб туришибди.
Демак, ҳамма нарсадан олдин, шу ФУНДАМЕНТАЛ ислоҳотларни бошлаш керак. Уларни “Бирлик” ва у каби ҳақиқий демократик ташкилотлар билан биргагина қилиш мумкин, ЎРТОҚ Шавкат Мирзиё!
Тўғри, ҳозир атрофингиздаги ялтоқлар сиз кабиларни "ислоҳот" сўзини ишлатишга ўргатмоқдалар. Аммо, ҳақиқий ИСЛОҲОТЛАР сўзда эмас, амалда бўлиши керак.
Расмда - "Бирлик" лидери Абдураҳим Пўлат ва Ўзбекистоннинг жорийдаги хўжайини Шавкат Мирзиё.