07 June 2020
15:18 - Шармандалик: “Ўзбекистон таълим тизимида амалиёт кам”, дебди Фарғонадаги янги университетнинг корейс проректори
5-6 июнь кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида бўлиб қайтди.

Президент Мирзиёевнинг бу ташрифи ўзбек ОАВ учун бир жиҳат билан алоҳида аҳамиятли: бу гал илк бор мамлакатдаги 5та хусусий интернет нашрга президент сафарини бевосита жойидан туриб ёритиш учун рухсат берилди. Хусусан, Kun.uz, Daryo.uz, Gazeta.uz, Xabar.uz ва Uznews.uz интернет сайтлари мухбирлари ташриф жараёнларини Фарғонадан туриб ёритиб борди. Шу пайтга қадар эса президент ташрифи тафсилотлари фақат унинг матбуот хизмати ва давлат телеканаллари орқалигина аҳолига етказиб келинарди.

Кеча, ташрифнинг иккинчи кунида давлат раҳбари Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон–Корея Халқаро Университетида ҳам бўлди.

Университет 2019 йилда фаолиятини бошлаган. Муассасада гуманитар ва техник муҳандислик йўналишларида таълим берилади. Туризм менежменти, мактабгача таълим, менежмент ва компьютерлаштирилган бухгалтерия ҳисоби, корейс тили ва адабиёти каби соҳалар шулар жумласидан.

Шунингдек, машинасозлик муҳандислиги, келажак автомобилсозлиги инжиниринги, электротехника муҳандислиги, архитектура муҳандислиги, компьютер муҳандислиги, энергетика ва кимё муҳандислиги бўйича мутахассислар тайёрланади.

Университетнинг Ташқи Ҳамкорлик Алоқалари Проректори Дилфуза Умрзоқованинг маълумот беришича, таълим муассасаси жами 4000 талабани қабул қилиш имкониятига эга. 1640 нафар талаба эса бугунги кунда бакалавриат босқичида таҳсил олмоқда. 2023 йилда бу ерда магистратура ва докторантура очиш ҳам режа қилинмоқда.

«Университетда 27 нафар педагог фаолият олиб бормоқда. Улардан 12 нафари – кореялик мутахассислар. Ўқитувчиларнинг ҳар бири бизнинг таълим тизими тилида айтганда PhD илмий даражасига эга. Кейинги йили яна 30 нафар профессор жалб қилинади», дейди у.

Проректор Ю Жонг Хва университетга ташриф буюрган журналистлар учун қисқа тақдимот ўтказди. Унинг айтишича, айни вақтда Ўзбекистон-Жанубий Корея Халқаро Университетида 3та йирик лойиҳа мавжуд.

«Биринчиси мазкур ўқув биноси бўлиб, бу битказилган. Иккинчи лойиҳага кўра, амалий машғулотлар учун 7 қаватли бино қурилади. У ерда амалий машғулотлар учун аудиториялар, электрон кутубхона, ошхона бўлади.

Учинчи лойиҳа болалар боғчаларини қуришни назарда тутади. Университетимиз жами 4та – Фарғона, Наманган, Андижонда болалар боғчаси қуради.

Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 11,9 млн доллар миқдорида инвестиция ажратилмоқда», – деди у.

Университетда Жанубий Кореядаги каби янгича таълим тизими амал қилади. 3 йил давомида бу ерда таҳсил олган талаба ўқишнинг тўртинчи йилини Кореяда давом эттиради.

«Кореянинг етакчи университетлари билан бу борада келишувимиз бор. Талабаларимиз нафақат Ўзбекистонда, балки Кореяда ҳам тан олинадиган дипломга эга бўлишади.

Жанубий Кореядаги бир йиллик ўқув даврида талабаларимизда Samsung, LG, Hyundai сингари етакчи компанияларга ишга киришни осонлаштирувчи техник сертификатларга эга бўлиш учун имконият ҳам мавжуд бўлади. Шунингдек, улар илмий-тадқиқот муассасалари ва давлат компанияларига ишга киришда ҳам имтиёзга эга бўлишади.

Университет тўлиқ Корея томонидан киритилаётган инвестиция маблағлари асосида ташкил этилмоқда. Фарғона вилояти ҳокимияти томонидан бино ажратиш ва бошқа ташкилий ишлар учун ёрдам кўрсатилди.

Йиллик қабул 720 ўрин. Шартнома тўлови гуманитар йўналиш учун 3 минг доллар, инженеринг йўналиши учун 3,3 минг долларни ташкил этади», – деди Ю Жонг Хва ўз тақдимотида.

Kun.uz мухбири тақдимот якунида университетнинг Халқаро Алоқалар бўлим Проректори Ю Жонг Хва билан қисқа суҳбатда бўлди.

– Сиз бир неча йилдан буён Ўзбекистондасиз, бизнинг таълим тизимимиз билан танишмоқдасиз. Айтинг-чи, Ўзбекистон таълим тизимида қайси жиҳатларимиз устида кўпроқ ишлашимиз керак?

– Ўзбекистон таълим тизимида амалиёт кам. Коллежларда асосан назария ўқитилади, университетларда ҳам шундай. Бизда олий ўқув юртида таълимнинг биринчи босқичиданоқ амалиёт бошланади.

Таълим тизимида кредит шаклига тезроқ ўтиш керак. Талаба мустақил шуғулланиб, изланган ҳолда балл тўплаб, баҳо олади.

Университетларда кўплаб кераксиз, ортиқча фанлар ўқитилади. Бизда барча фанлар мутахассисликка йўналтирилган. Соҳа учун керакли бўлган фанлар кўпайтирилиши керак.

– Ўзбек ёшлари ҳақида таассуротларингиз қандай? Уларнинг кайфиятини қандай баҳолайсиз?

– Профессорларимизнинг таассуротларига кўра, ўзбек талабалари жуда ҳам меҳрибон ва самимий. Ўзбек ёшлари билимли, уларда катта салоҳият бор. Талабчан, дарс вақтида ҳам ўзларини қизиқтирган нарсаларни талаб қилишади.

– Пандемия туфайли Ўзбекистонда кириш имтиҳонларини ўтказиш масаласи муаммоли бўлиб турибди. Сизлар уни қандай ҳал қиляпсиз?

– Пандемияни давом этиш эҳтимолини инобатга олиб, ДТМ билан биргаликда тестларни ишлаб чиқмоқдамиз. Тест жараёнлари ҳам карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда – ижтимоий масофани сақлаб, ниқоб таққан ҳолда ўтказилади.

Ҳозир республика бўйича модул платформасида дарслар, видеодарслар олиб борилмоқда. Ҳозиргача ҳам модул орқали дарсларни ўтказиб, талабаларни баҳолаб келяпмиз. Янги ўқув йили учун ҳам видеодарслар, роликлар олиниб, тайёргарлик кўрилмоқда. Чунки пандемия йил якунигача давом этиши тахмин қилинмоқда.

– Сизнингча, университетингиз тайёрлайдиган кадрлар ўзбек меҳнат бозоридаги рақобатда ўз ўрнини топа оладими? Бизда охирги йилларда Жанубий Кореядан ташқари бошқа давлат университетлари ҳам филиалларини очмоқда.

– Талабаларимиз энди биринчи босқични тамомлашмоқда, шунинг учун бирон нарса дейиш қийин. Иккинчи, учинчи босқичда натижаларни кўриш мумкин. Бизда талабалар эркин қўйиб берилган. Ундай қил, бундай қил деган кўрсатмалар бўлмайди. Талаба ўз фикрини бемалол айтаверади, шахсий мулоҳазаси учун танқид қилинмайди. Эркинлик бор.

Талабаларимиз орасида давлат томонидан ўтказилаётган турли танловларда қатнашиб ўрин олганлар, совриндорлар бор. Бизда форма масаласи ҳам эркин, ҳамма ўзи истаган нарсани кияди. Муҳими, қулайлик.

Илёс Сафаров тайёрлади

Манба – Kun.uz

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону