16 May 2020
11:32 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Ҳуқуқ ҳимоячиси Зафарбек Солижанов тарқатган баёнот

Бугун Россия ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария хола Захарованинг баёноти жанжалга сабаб бўлди. Адлия вазирлиги яқинда Ўзбекистонда давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиловчи қонун лойиҳаси ташаббуси билан чиққанди. Унга русийзабонлар қарши чиқаётганди. Маша ҳам (унинг асл исми Маша хола эмас, Мариядир – “Ҳаракат”) лойиҳага эътироз билдириб, қонун лойиҳасининг тарафдорлари камчиликни ташкил қилиши ва расмий иш юритувида рус тили тўлиқ сақланиб қолганини айтган. Бошқа давлатнинг ички сиёсатига аралашмасликка тупуриб қўйган. Боплайди ҳам.

Айримлар депутатларимизга ҳам тош отмоқда. Уларга тош отиш нега керак, дўстлар? Афсус мен ҳам баъзан тош отиб тураман. Бироқ аллақачон Парламент ислоҳотлари ўтказилиб, унинг ваколатлари кўриб чиқилиши керак эмасмиди? Ли Куан Ю бўлиб Ўзбекистон тарихида қолишни истаган сиёсатчи ишни шундан бошларди. Аввал Конституцияни очиб, 18-бобдаги Олий Мажлис ваколатларини кўринг. Кейин пастроққа тушиб, муҳтарам Президентимизнинг ваколатларини, бошқа ижро вакилларининг ваколатларини кўринг. Охирида ҳақиқий халқ ҳокимияти бўлган бирор ривожланган давлатдаги ҳокимиятлар бўлиниш принципларини ўрганинг. Кейин хулоса қиласиз.

Кўзларингдан айланай ўзимизнинг ташқи ишлар вазирлиги ҳали ҳеч нима демади. Ҳозирча “тепага” қараб писиб ўтирибди шекилли. Сас чиқиши ҳам даргумон. Чиқса ҳам “унақа демайлар, хапа бўламиз, қалбимиз нозик, ду”, деса керак. Бошқа давлатларникидек ўткир позиция бера олмайди, бу кетишда. Биз эса вассал сифатида Россияга яқинлашишда давом этамиз. Улар эса худди овқатни узоқдан кўрган ҳайвондек сўлагини бизга сачратишда давом этяпти. Шахсан Президент ҳам Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи сифатида қўшилишга имзо чекса ажабланмайман. Лекин бир нарсани унутманглар, йиллар ўтиб невараларимга сизлар ҳақингизда, оҳҳоо, фамилиянгиз билан “эртак”лар айтиб бераман шу иш давом этса.


 


Расмдаги ўша опа. Эслаб қолинг, ҳали кўп кўрасиз.

Зафарбек Солижанов

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону