Ҳа, айнан, 15 йил аввал 13 май куни Андижонда ГЎЁКИ АКРОМИЙЛАР давлат тўнтариши қилишга ҳаракат қилишган эди, дейди “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг раиси, ҳозир мажбуран АҚШда яшаётган Абдураҳим Пўлат.
“Бирлик” Халқ Ҳаракати 2003 йил август ойида Қўқонда қурултой ўтказиб, Ҳаракатни Партияга айлантирган эди. Ўшанда расман рўйхатдан ўтиш учун керакли ҳамма ҳужжатлар, жумладан, сал кам 21 минг партия тарафдорларининг рўйхати Адлия Вазирлигига топширилганди.
Ҳамма нарса яхши кетаётган пайтда, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси атрофидаги тўпалонсифат ишлар ўшандан кейин бошланган. Аввалига “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг расмий Дастурида Ўзбекистон фуқаролари учун кўпфуқароликни тиклаш режаси борлиги камчилик сифатида кўрсатилди. Биз бунга қаршилик кўрсатмадик ва Дастуримиздан ўша моддани олиб ташладик. Ундан кейин яна бир қатор шу каби мутлақо мантиқсиз хато иддаолар ўртага отилди. Ўша пайтда АҚШ билан алоқалар яхши эканлигидан фойдаланиб, нима қилиб бўлса ҳам, партияни рўйхатга ўтказиб олиш учун ҳукуматнинг ҳамма талабларини бажардик.
Ҳар сафар Адлия Вазирлигига ўз янгиликларимизни етказганимиздан кейин, қонун йўллари билан ишимизни орқага сураверишди. Аммо, 2005 йилнинг бошида ҳукуматдагилар янги камчилик ўйлаб топишди. Нимамиш, бизнинг 21 минг кишилик партия тарафдорларидан иборат рўйхатимизнинг сал кам ҳаммаси сохта эмиш, у ердаги имзолар ҳам сохталаштирилган эмиш.
Бу хусусда Адлия Вазирлиги билан оғзаки ва хат орқали ёзишмалар ўтказдик, улар ўз сўзларида туриб олганларидан кейин, 2005 йил 30 апрель куни партия Марказий Кенгашининг навбатдаги йиғилишида янги йўлимизни очиқладик. Мен таклиф қилган йўлнинг асосида – ҳамма партия тарафдорларини Адлия Вазирлиги биноси олдига олиб келиш ғояси ётарди. Ниятимиз, 30 май куни 200 кишини, 30 июнда 2 минг кишини, 30 июлда 20 минг кишини вазирлик биноси эшигига олиб келиш эди.
Ўша пайтда вазирлик биноси Тошкентнинг қоқ марказида бўлгани сабабли, 20 минг “Бирлик” тарафдорларининг ўша ерга келиши – давлат тўнтариши бўларди.
Табиий, ўша пайтда ҳукмронлик қилаётган Ислом Каримнинг диктатураси ҳар турли фисқу-фасод руҳидаги ишлар қилиши мумкинлигини ҳам ўйладик, уларга қарши ўз ҳаракатларимизни ҳам режалаштирдик.
Аммо, ҳамма нарса ўта тезлик билан ишлашга бошлади. 2005 йил 13 май куни кечаси ва эрталаб қандайдир қуролланган гуруҳлар ўша атрорфдаги ҳарбий қисмлардан бирини, кейин шаҳар турмасини босиб олиб, ўша ердан чиқариб олинган қуроллар ва ҳамкорлари билан биргаликда шаҳар ҳокимиятини босиб олдилар. Ҳеч шубҳа йўқки, бу Ўзбекистон КГБсининг навбатдаги ўйини эди.
Биз учун кутилмаганда, шундай тўпалон чиқди. Ислом Каримнинг ўзи шаҳар аэропортига етиб борди, Ички Ишлар Вазири ҳам шаҳарга етиб келди. Ниҳоят кечқурунга яқин шаҳар Прокуратураси биноси олдида тўпланган тахминан 1 минг кишилик гуруҳга қарши қурол ишлатилди, юзлаб одамлар ўлдирилди. Қолганлар, аслида, исломчилар қўшни Қирғизистонга қараб яёв йўл олдилар ва уларнинг катта қисми чегарадан ўтиб ҳам олди.
Аммо, Ислом Карим тинч ўтирмади, водийдаги ва Андижон шаҳридаги фаолларимизни ҳибсга олишди. Биз ҳамма фаолларимизни қаршилик кўрсатмасликка чақирдик, ҳамма нарсани тинч йўллар билан ҳал қиламиз деб ўйладик.