Тожикистонда исмлардаги русча қўшимчалар тақиқлаб қўйилади
Расмийлар ҳужжатларда фуқароларнинг руслаштирилган исмларидан фойдаланишни расман чекламоқчи. 2007 йилда президент Имомали Раҳмон ўз исмини ўзгартирди, аммо исмларда рус тилидаги қўшимчаларга тақиқ йўқ эди.
Тожикистон парламентининг қуйи палатаси ҳукуматнинг янги туғилган фуқароларда фамилия ва отасининг исмида рус тилидаги қўшимчалардан фойдаланишни тақиқлаш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар берди.
«Тожикистонда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар рус тилига хос бўлган «вич», «ов», «ев», «ева», «овна» қўшимчаларисиз берилади. Миллий озчилик вакиллари учун истисно мавжуд», - дейилади хабарда.
Ушбу қарор руслаштирилган исм билан ҳужжатларини олган мамлакат фуқароларига таъсир қилмайди. Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларида рус тилидаги қўшимчалар ишлатилган болалар улар билан паспорт олиши мумкин.
Рус тилидаги қўшимчаларнинг ўрнига энди тожик тилига хос бўлган қўшимчалар ишлатилади: «зод», «зода», «он», «ён», «духт», «пур» ва «фор».
«Фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритилиши керак. Тартибга кўра, парламент қуйи палатаси маъқуллаганидан кейин, улар юқори палатага (Мажлиси миллий) тақдим этилади, сўнг президент томонидан имзоланади.
2007 йилда республикада исмлардан рус тилидаги қўшимчаларни олиб ташлаш жараёни президент Имомали Раҳмон томонидан бошланди. 1952 йилда туғилганида унинг фамилияси русча қўшимча - Имомали Раҳмонов бўлиб ёзилган. Бироқ, 2007 йилда у фамилиясини тожикча ёзиш анъанасига мувофиқ ўзгартираётганини эълон қилди - Раҳмон. Ташқи Ишлар Вазирлиги бу ҳақида барча давлатларни хабардор қилди. Шу билан бирга, Раҳмон ўшанда фуқароларни исмларни русча ёзишдан воз кечишга чақирди, аммо бу ҳамма учун шахсий масала эканлигини таъкидлади. Тожикларнинг миллий анъаналарига кўра, одатда отанинг исми фамилия учун олинади.
Кейинчалик бошқа сиёсатчилар - парламент аъзолари ва ҳукумат аъзолари Раҳмонга тақлид қила бошладилар. Хусусан, мамлакат Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги раҳбари Нусратулло Файзуллоевич Салимов ўз исмини Файзулло Нусратулло деб ўзгартирди, Тожикистон Қишлоқ Хўжалиги Вазири Қосим Қосимов эса фамилиясини Роҳбарга алмаштирди. Тожикистон Тил ва Адабиёти Институти директори Соҳидод Роҳашев фамилиясини Раҳматуллозодага ўзгартирди. // Kun.uz
* * * * *
“ҲАРАКАТ”: Бу воқеа бизга, яъни ўзбекларга ҳам дарс бўлиши керак. Шавкат Мирзиёев биринчи бўлиб шундай қилишини кутиб ўтирманг. Фойдаси йўқ.
Аммо, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси раиси Абдураҳим Пўлат ва унинг оила аъзоларидан ибрат олинг. Уларнинг ҳаммалари “Пўлатов” сўзидан “-ов” қўшимчасини аллақачон улоқтириб бўлганлар.