2020 йил январь-февраль ойларида Ўзбекистон 1,005 млрд долларлик олтин экспорт қилганини Давлат Статистика Қўмитаси шу йил 21 мартда эълон қилган эди. Мана бугун 3 ойда, яъни январь-март ойларида айнан шунча олтин экспорт қилингани ҳам Давлат Статистика Қўмитаси тарафидан эълон қилинди.
Ўзбекистоннинг экспорт таркибида олтиннинг улуши 2020 йил январь-февраль ойларида 1,005 млрд доллар, яъни умумий экспортнинг 38,2 фоизига тенг бўлган экан, бугун эълон қилинишича, январь-март ойларида ҳам олтин экспортининг умумий ҳажми 1,005 млрд долларигича қолибди ва умумий экспортнинг 29,8 фоизига тенг бўлибди.
Кўриниб турибдики, бу йил март ойида бир грамм ҳам олтин экспорт қилмабмиз. Демак, ярим млрд доллар, яъни 500 млн доллар йўқотибмиз.
Ҳозирча Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган диктаторлик режими мамлакатимиз аҳолисини қозоғистонлик ўзбек миллиардери Фаттоҳ Шодиев бизга 200 млн долларлик, россиялик ўзбек миллиардери Алишер Усмонов ҳозир Тошкент вилоятида яшаётгани ва бизга 20 млн долларлик ёрдам бераётганини айтиб, алдаб юрибди.
Шундай пайтда ўз олтинимизни сотолмай қолганимизга, бир ойда 500 млн доллар йўқотганимизга ҳеч қандай тушунтириш берилмаяпти. Қолаверса, бизда қанча олтин чиқарилиши ҳам тилга олинмаяпти. Айнан мана шу фактлар Ўзбекистонимизда масхарабозлик энг юксак нуқтага чиқиб бўлганининг тўла исботидир.