10 April 2020
13:32 - Шавкат Мирзиё Туркийтилли Давлатлар Ҳамкорлик Кенгашининг навбатдан ташқари саммитида иштирок этармиш

Kun.uz Интернет нашри хабар қилишича, бугун, 10 апрель куни, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё Туркийтилли Давлатлар Ҳамкорлик Кенгашининг коронавирус тарқалишига қарши курашишда умумий саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга бағишлаб видеоанжуман тарзида ўтказиладиган навбатдан ташқари саммитида иштирок этармиш.

Бундай йиғилиш ташкилотда раислик қилаётган Озарбойжоннинг ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Унда Туркий кенгашга аъзо бешта давлат – Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон раҳбарлари, шунингдек, Туркманистон Президенти ва Венгрия Бош вазири иштирок этиши кўзда тутилган.

Видеоанжуманга Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ҳам уланиши кутилмоқда.

Кун тартибига мувофиқ, томонлар коронавирус пандемияси тарқалишига йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашадилар.

Ушбу хавфли юқумли касалликка қарши курашиш мақсадида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинади ҳамда мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа ваколатли идоралари ўртасидаги шерикликнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилади.

Глобал эпидемиологик инқироз шароитида савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорликнинг устувор лойиҳаларини янада илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Туркийтилли кенгашда Қўшма декларация қабул қилиниши ҳам режалаштирилган.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону