22 March 2020
23:00 - Вилоят марказларида ҳам Тошкентдаги каби карантин чоралари ишлайди
23 март кунидан жорий қилинган янги карантин чоралари - тиббий ниқоблар мажбурийлиги ва ташкилотлар ходимлари масофадан ишлашга ўтилиши Тошкент шаҳридан ташқари барча вилоятлар марказлари учун ҳам амалда бўлади. Бу ҳақда Санитария-эпидимиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов махсус брифинг чоғида айтиб ўтди.

«Республика махсус комиссияси қарорига биноан, 23 март кунидан бошлаб мулкчилик шаклидан қатъи назар Тошкент шаҳридаги барча корхона ва муассасаларга асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда ишчи ва ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариш, қолган ишчиларнинг фаолиятини максимал даражада масофадан туриб, яъни онлайн ёки дистанцион тарзда ташкил этилади.

Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситаларисиз бўлган шахсларга «огоҳлантириш» берилади.

25 март куни соат 6:00дан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – уларга нисбатан интизомий чоралар кўриш масаласи кўриб чиқилмоқда. Жарималар белгиланади.

Буни қисқача қилиб тушунтирадиган бўлсак, жамоат жойларига бораётган барча фуқаролар юз ниқобида бўлиши керак. Юз ниқобини тақмасдан одамлар гавжум жойларга борадиган, корхона ва ташкилотларга кирадиган одам ўзини ҳам, бошқаларни ҳам хавф остига қўйиши мумкин. Бу тартибга амал қилмаган фуқароларга чоралар кўрилади.

Тиббий ҳимоя воситалари, хусусан, ниқобларнинг танқислигини сунъий вужудга келтириб, нархини оширган «тадбиркор»ларга қатъий чоралар кўрилади. Бу ўринда гап нафақат ниқоблар ҳақида, балки ҳаёт учун зарур бўлган бошқа маҳсулотлар ҳақида ҳам кетмоқда.

Мамлакатимиз фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида зарур бўлмаган ҳолларда, айниқса 65 ёшдан юқори ва сурункали касали бор бўлган юртдошларимиз уйидан ташқарига чиқмасликлари ва кўчага чиққанда – шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланишни сўраб қоламиз.

Жорий қилинаётган тартиб Ўзбекистон республикасида коронавирус инфекцияси бир ҳудуддан иккинчисига тарқалишининг олдини олишга қаратилган самарали тадбир сифатида белгиланган.

Кўряпмизки, касаллик қайд этилиши ҳолатлари асосан Тошкент шаҳрида кузатилмоқда. Тошкент шаҳрида оммавий тадбирлар, жумладан, аҳоли миграцияси билан кечадиган тадбирларга чек қўйилган.

Ҳар бир корхона ва ташкилотлар фаолиятига зарарли таъсир қилмаган ҳолда, улардан муҳим бўлмаган вазифаларни бажараётган ходимларга меҳнат таътили бериш, замонавий-информацион коммуникация технологияларини жорий этиш, мавжудларидан фойдаланган ҳолда масофадан ишлаш тизимини йўлга қўйиш масалалари кўзда тутилган.

Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳам аҳоли нисбатан зич жойлашган, улар иш жараёнида кўп вақт бирга бўлишини ҳисобга олган ҳолда шундай тартиблар жорий қилинмоқда.

Хабарингиз бор, коронавирус инфекцияси ҳаво-томчи ва маиший мулоқот йўли билан юқади. Шунинг учун, одамлар бир-бирига яқин бўлиши ва тўпланишининг олдини олсак, ушбу касаллик тарқалишига чек қўйган бўламиз.

Деҳқон бозорларида, барча савдо шохобчаларида профилактика мақсадларида аҳоли бир-бирига яқин жойлашишининг олдини олишга қаратилган кўпчилик чоралар кўрилади.

Жумладан, муассасалар иш графигини ташкил қилишда, аҳолига хизмат кўрсатиш вақтида мижозлар навбатлари ҳосил бўлишининг олдини олиш бўйича барча корхона ва ташкилотлар ўз ишини қайта кўриб чиқиши ҳамда тўғри ташкиллаштириши лозим бўлади», деди Баҳром Алматов. // Kun.uz

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону