Бугун Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг Тошкентдаги Марказий Бошқаруви идорасида жамиятнинг Марказий Бошқаруви мажлиси ўтди. Дунёга машҳур инсон ҳуқуқлари ташкилотининг барча вилоятлардан (Бухоро вилоятидан ташқари) фаоллари йиғилишиб, мамлакатда инсон ҳуқуқлари, мавжуд вазият, ижтимоий-сиёсий муаммолар ва жамиятнинг яқин келажакдаги стратегиясини муҳокама қилишди.
Жамиятнинг 25 нафар фаоли иштирок этган мажлис кун тартибидан вилоят бўлимлари раҳбарларининг ҳисоботлари, Марказий Бошқарув раиси Абдураҳмон Ташановнинг ҳисоботи ўрин олганди. “Эзгулик” фаоллари жойлардаги коррупцион муаммолар, фуқаролар мурожаати, шикоятлар кўламининг ортиб бораётгани ва “снос” муаммоларини акс эттирувчи ҳисоботлар беришди.
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ҳамкасблари олдида ҳисобот бера туриб, 2019 йил жамият учун сиёсий ҳуқуқлари муаммосини кўтариш, Ўзбекистон Репсубликасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунидаги чекловлар масаласи жамиятнинг устивор мақсади бўлганини айтди. Абдураҳмон Ташановга кўра, жамият бу борада Ўзбекистон Парламенти ва Адлия Вазирлигига бир неча марта мурожаатлар билан чиққан. Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқларига оид стретегиясини муҳокама қилиш чоғида бу масалани халқаро муҳокама даражасига кўтарган.
Аввалги хабарларимизда “Эзгулик” Жамиятининг айнан сиёсий партиялар ҳақидаги қонуний барьерлар масаласи ҳатто БМТдаги Ўзбекистон ҳукуматининг мавсумий ҳисоботи даврида ҳам кўтарилгани, бу борада Ўзбекистон делегацияси раҳбари сиёсий партиялар ҳақидаги қонун ҳужжатлари янгиланишини ваъда қилганини айтгандик. Айнан БМТ кўтарган сиёсий ҳуқуқлар масаласининг ташаббускори “Эзгулик” Жамияти эканини ҳамма ерда таъкидлаш керак.
Анжуманда яқин истиқболадги ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Жамиятнинг вилоят бўлимларининг барчасини Адлия Рўйхатидан ўтказиш масаласи кўрилди. Йиғилишда Ўзбекистон Адлия Вазирлиги Нодавлат Нотижорат Ташкилотлар Бошқармасининг 2 нафар вакили ҳам иштирок этди.