09 July 2009
12:08 - Хабарлар “Ҳаракат”да ўқилади, мазохист сайтларни ким ўқийди
Аввалги хабарларимиздан маълумки, “Ҳаракат” ахборот агентлигининг сайтига бир кунда мингга яқин ўқувчи кирарди. Ҳозир бу рақам мингдан ҳам ошган. Ҳамманинг Интернетга ҳар куни киравериш имкони ва вақти йўқлигини ҳисобга олсак, тахмин қилиш мумкинки, бу сайт ўқувчиларининг сони кўп минглар билан ўлчанади.

Тўғри, тан олиш керак, аҳолиси 30 миллионга яқин бўлган Ўзбекистондек мамлакат учун хабарчилик сайтига бир неча минг ўқувчининг кириши ўзбек жамиятининг жуда ночорлигини кўрсатади. Аммо, бир нарса аниқки, бу сайт ўзбек тилидаги энг қувватли хабарлар сайтидир. Шу сабабли, ҳамма нарса солиштириш билан ўлчанади деганларидек, бошқа сайтларга қанча ўқувчи киришини билишдан фойда бор.

Ўзбекистоннинг ЎзА каби сайтларига бармоқ билан саналадиган ўқувчи киришини тушуниш қийин эмас. Улардан бири – сайтимиз мухбири бўлса керак. Шу сабабли солиштиришни мухолифатга оид сайтлар билан қилиш лозим.

Биз тарафимиздан мазохист деб номланган сайтларга ҳам кўп сонда ўқувчилар кирмаслигини гапириш ҳақиқатдан узоқ эмас. Чунки, уларда хабарчиликка эмас, ўзаро ғийбатчиликка урғу берилади. Бировларнинг ғийбати кенг оммани қизиқтирмаслиги ўз-ўзидан маълум.

Ҳозир солиштириш учун “Эрк” партияси 53-54-чилар фракциясининг uzbekistanerk сайтини олдик. Бир маҳаллар биз бу сайтни мухолифат лидерларининг рейтингини ўлчаш учун ўтказилган сўровнома натижаларини қалбакилаштиришда айблаганимиздан кейин, у бекилиб ҳам кетганди. Хўш, қайтадан очилган бу сайт ўқувчиларининг сони қанча?

Яқинда бу сайтда катта дабдаба билан ва партия фракцияси ҳаётидаги энг катта воқеа сифатида “13 май иттифоқи” номли ташкилот тузилгани эълон қилинган эди. Бу ҳақдаги шу сайтга қўйилган хабарни, сайтдаги рақамлардан кўриниб тургандек, икки ой ичида бор-йўғи 214 киши ўқибди. Кулгили эмасми? Фракция раисининг оламшумулликка даъво қилаётган сафсатабозликларини эса, йиллар бўйи 1019 киши ўқибди.

“Эрк” партияси бир маҳаллар ҳар ҳолда номи чиққан ташкилот эди. Шу сабабли, унинг сайтига инерция бўйича кираётганлар сони бармоқларимиз сонидан каттароқ.

Шундан хулоса қилса бўладики, Жаҳонгир Муҳаммад, Юсуф Расул, Баҳодир Чори кабилар тарафидан юритилаётган шахсий сайтларга кирувчиларнинг сони қўл-оёқдаги бармоқлар сонидан ошмаса керак. Бу хулосанинг ҳеч ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Омманинг писхологиясини ўрганган олимлардан маълумки, кўпчилик биринчи навбатда хилма-хил хабарлар билан қизиқади. Буни аллақачон тушуниб етган Ғарб сиёсатчилари пропагандани хам хабарлар сатри орасида олиб борадилар.

Мазохист сайтларда кичик кўлмакдаги итбалиқлар каби ўйин қилиб юрган, асосан ғийбатсифат гап-сўзлару ёлғон-яшиқ гаплар тарқатиб юришга ўрганган одамларнинг фикри ҳеч кимни қизиқтирмайди. Бунинг устига уларнинг биронта тўғри фикр айтгани ёки айтган фикрлари кейинчалик тўғри чиққанини ҳам ҳали ҳеч ким кўрмаган. Эртаю кеч мазохистлик қилувчи сайтларга мазохистларнинг ўзидан бошқа ҳеч ким кирмаслиги - фикр эмас, омманинг психологияси билан ҳам изоҳласа бўладиган ҳақиқатдир.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону