Кеча, яъни 2020 йил 27 январда Ўзбекистондаги бош қўғирчоқ оммавий ахборот воситаси ЎзА «“The Washington Diplomat” газетаси бош муҳаррири: АҚШ Ўзбекистон тимсолида Марказий ва Жанубий Осиёдаги ўзининг ишончли шеригини кўради” номли мақолача эълон қилибди. Мақоланинг моҳияти шу сарлавҳаданоқ кўриниб турибди.
Авваламбор айтиш керакки, АҚШда бунақа газета борлигини америкаликларнинг мутлақо кўпчилиги ҳам билмайди. Аммо, Виктор Шибли 2020 йил декабрь ойида Ўзбекистонда ўтказилган парламент сайловларида кузатувчи сифатида қатнашгани, бу воқеа Виктор Шибли учун катта шараф бўлгани, у киши Ўзбекистон сайлов тизимида олдинга жуда катта ижобий силжишни кўрганини энди Ўзбекистонда ҳам биладиганлар пайдо бўлди.
Аслида, бу мақолача навбатдаги оддий масхарабозликдан бошқа нарса эмасди. Чунки, жаноб Виктор Шибли аввал “Бирлик” Халқ Ҳаракати деб аталган ҳозирги "Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг лидери профессор Абдураҳим Пўлат 22 йилдан бери АҚШда бу мамлакатининг фуқаролигини ҳам қабул қилмасдан мажбуран яшаётганини, 1992 йили Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган ўша пайтдаги АҚШ Давлат Котиби жаноб Жеймс Бейкер Ўзбекистон президенти Ислом Каримовдан кейин айнан Абдураҳим Пўлат билан ҳам расман учрашганини билмас экан.
Ўша учрашувдан кейин Ўзбекистон КГБсининг ялтоқлари Абдураҳим Пўлатни ўлдириш учун ҳаракат қилганлари, бошини ёрганлари, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ўзбекистон парламенти мажлисида “керак бўлса яна 100 тасининг бошини ёриб ташлаймиз” дейишгача борганини, у касалхонада ётганда уни АҚШ Сенатори Ларри Пресслер зиёрат қилганини, кейин у АҚШ Сенатида бу ҳақда нутқ сўзлагани, айнан ўша куни Сенат Ислом Каримовнинг 1992 йил ёзда АҚШ келиш режасини бекор қилганини ҳам билмас экан.
ЎзАдаги мақолачада айтилишича, Виктор Шибли “Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, АҚШ Президенти Дональд Трамп Администрацияси ҳозирги Ўзбекистон - Америка муносабатларини юксак қадрлайди” дейишгача борган эмиш. Бунга ёш бола ҳам ишонмайдику, жаноб Виктор Шибли!
Хуллас, ЎзАнинг масхарабозлик руҳидаги ёлғонлардан иборат бу мақолачаси Ўзбекистон давлати масхарабозлик саҳнасига айланиб бўлганинг яна бир исботи сифатида тарихда қолади. Нима ҳам дердик, “Эй, бечора Ўзбекистон”, деймиз. Ва умид қиламизки, энди жаноб Виктор Шибли Абдураҳим Пўлат билан ҳам учрашув истаб қолади ва Абдураҳим Пўлатнинг аввалги АҚШ Президенти Барак Обама ва жорийдаги Президенти Доналд Трампдан олган хатлари билан танишиш имкониятига эга бўлади.
ЎзАнинг Интернетдаги саҳифасидан олинган расмда жаноб Виктор Шиблини кўрмоқдасиз.