16 January 2020
08:18 - “Ҳаракат”: Жамиятимизни тўхамба ва кадда-Сенаторлардан тозалаш ҳақида ҳам ўзимиз ўйлашимиз керак

Бизнинг Harakat.net сайтимиз ва унинг Фейсбукдаги саҳифасини (facebook.com/harakat.net) доимо кузатиб бораётганлар билишадики, йиллардан бери Ўзбекистондаги ғариб аҳволдан қутилиш учун, авваламбор, мамлакатнинг ўлаётган иқтисодиётини тиклаш устида ўйлаш кераклигини тўхтамасдан айтиб ётибмиз. Бунинг ягона йўли – СССР замонида Москва Энергетика Институтини битирган, техника фанлари доктори, профессор Абдураҳим Пўлат лидерлигидаги “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери айтиб келаётгандек, Ўзбекистонда ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишдир.

ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ислоҳотларнинг марказида мамлакатни демократиялаштириш, яъни, қўғирчоқ Олий Мажлис, қўғирчоқ сиёсий партиялар, қўғирчоқ ҳукумат, қўғирчоқ оммавий ахборот воситаларидан қутилиш каби ўзгаришлар ётиши ШАРТ.

ФУНДАМЕНТАЛ иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, ТЎЛА БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИГА ўтиш ва КАТТА бойлар яратиш йўлига мавжуд режимнинг ўзи қўйган тўсиқларни улоқтириш ғояси ётиши ШАРТлиги ҳам ўз-ўзидан маълум.

Булар асосий вазифаларимиз ва уларни ҳеч қачон унутмаймиз. Аммо, бошқа муаммолар ҳам йўқ эмас. Улардан ИККИТАСИНИ шу ерда тилга олмоқчимиз.

БИРИНЧИСИ, тўҳамбалардан тозаланиш. Билмаганларда савол туғилиши табиий: ТЎҲАМБА нимадир? ТЎҲАМБА – ҳеч нарсага қатъий эътиқоди бўлмаган, назари паст, зиқна, жамият ва миллат олдида маъсулият сезмайдиган, дунё қараши ўта чекланган одамдир.

Руслар бундай одамларни “мещанин”, “обыватель” дейдилар. Бундай сўз биз учун ҳозир жуда керак, чунки, жамиятимизда ТЎҲАМБАлар жуда кўпайиб кетган. Бу сўзни ўзбек тилига биз киритдик ва ўзбеклар уни ўзлаштиришлари, муҳим бўлгани, жамиятимизни тўҳамбалардан тозалаш учун жиддий ҳаракатлар болашлари керак, ШАРТ!

Дарвоқе, тўҳамбаларни яхши ифодаловчи шеър ҳам сайтимизда эълон қилинган:

Қуёш чиқди, ботади ҳам албатта,
Нонушта бор, ош ейиш бор навбатда,
Бўш қолмаймиз иккисининг орасида,
Ўтирамиз кучаниб туалетнинг бошида.

Бизга бошқа нима керак?
Ўзига бек ўзбекмиз!
Юраверсин бошқалар,
Бош ишлатиб ҳар ерда.

Ҳурматли ўқувчиларимиз! Халқимизнинг каттагина қисмини тўҳамбаликдан чиқарайлик, ОЛЛОҲ берган АҚЛ билан яшашга, туалет бошида бир нарсаларни кутиб ўтиравермасдан, ўз келажаги учун ҳаракат қилишга ўргатайлик. Биздан ҳаракат - Оллоҳдан баракат-ку!

Қани, нима маслаҳатлар берасиз, азиз ўқувчиларимиз?

* * * * *

Муаммоларнинг ИККИНЧИСИ, жамиятимизни, аниқроғи, Сенатни “кадда-Сенатор”лардан тозалашдир. Тўғри, бу муаммо мамлакатни демократиялаштириш, яъни, қўғирчоқ Олий Мажлис, қўғирчоқ сиёсий партиялар, қўғирчоқ ҳукумат, қўғирчоқ оммавий ахборот воситаларидан қутилиш каби ўзгаришларнинг бир парчасидир. Чунки, Сенатни кадда-Сенаторлардан тозалаш – Олий Мажлисни қўғирчоқликдан чиқариш жараёнининг муҳим бир парчасидир.

Тўғри, мамлакат демократиялаштирилса, Сенаторларни Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари эмас, халқ сайлайди. Акс ҳолда, бизда на демократия, на ижтимоий-сиёсий ривожланиш бўлади. 14 нафар Сенаторни жорийдаги президент тарафидан тайинланиши – шармандалигимизнинг тимсоли сифатида тарихимизда қолади.

Мана шу кунларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида, ҳамма вилоятлар ва Тошкент шаҳри Кенгашларида кадда-Сенаторлар сайланади. Кейин Шавкат Мирзиё қолган 14 нафар кадда-Сенaторнинг ўрнига ўзи истаган одамларни тайинлайди.

Шунга чидаб ўтраверамизми? Йўқ, ҳамма ҳақиқий демократлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлашга ва бир нарсалар қилишга ҳаракат бошлашга чақирамиз. “Ҳаракатда – баракат” эканлиги динимизнинг асосий нуқталаридан бири-ку.

Ҳар ким ўз фикр-мулоҳазаларини шу ерга ёзсин, маслаҳатлашайлик, амалий қадамлар қилайлик.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону