14 January 2020
18:46 - Бизда пахтачилик хусусийлаштирилмайди. Kun.uz сайтидаги хабар эса умуман мантиқсиз

Kun.uz: Ўзбекистон ҳукумати пахта теримига алоқадор янги қарор қабул қилди (батафсил)

Вазирлар Маҳкамасининг “Республика ҳудудларида пахта ҳосили теримини механизациялаш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қуйидагилар:

а) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг:

биринчи босқичда (2020-2022 йиллар) Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида;

иккинчи босқичда (2023-2026 йиллар) республиканинг қолган ҳудудларида пахта ҳосилини йиғиштириб олишни механизациялашни жорий этишни жадаллаштириш;

б) Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан пахта териш ишларига жалб қилинадиган пахта териш машиналари хизматидан фойдаланганлик учун харажатларнинг 30 фоизини Молия вазирлиги томонидан қоплаб бериш амалиётини 2020 йилда сақлаб қолиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Бош вазирининг маслаҳатчиси - “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ бошқаруви раиси Н.С. Отажонов, қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Ж. Тешаев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларига:

пахтани машинада териш учун ажратилган ерларни барвақт тайёрлаш билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш;

пахта териш техникасини ишлаб чиқариш ва реализация қилишни ўз вақтида ташкил этиш бўйича ишлар самарали олиб борилишини таъминлаш;

2020-2026 йилларда қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг асосида реализация қилишни молиялаштириш механизмини ишлаб чиқиш;

пахтани териб олишни жадал механизациялаш бўйича белгиланган вазифалар ўз вақтида бажарилиши устидан доимий мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш бўйича шахсни масъулият юкланди.

Қуйидагилар:

2020 - 2026 йилларда “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ тизимидаги ташкилотлар томонидан пахта териш машиналари ишлаб чиқариш ва республика ҳудудларига етказиб бериш прогнози;

2020 - 2026 йилларда республикада пахта теримини механизациялаш даражасини ошириш ва пахта териш машиналарини ишлаб чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари режаси маъқулланди.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари - масъул ижрочилар ушбу тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилишини ва ҳисобот давридан кейинги ойнинг 7-кунига қадар ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига Чора-тадбирлар режаси ижроси бўйича маълумот тақдим этилишини таъминлайдилар.



Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

пахта майдонларининг агрофонини машина ёрдамида териш учун сифатли тайёрлаш, шу жумладан, тегишли чигит навларини танлаш, экиш, қаторлар орасига ишлов бериш, дефолиация қилиш, ер майдонларини тайёрлаш ва ҳосилни йиғиштириб олиш;

машина теримига ажратилган далаларнинг қаторлар орасини устун даражада 76 см кенгликда тайёрлаш агротехник тадбирларини бажариб, чигит навларини танлаш ва экишни таъминлайди.

“Ўзагросервис” АЖ:

пахтани механизациялаштирилган усулда териш учун пахта майдонларининг агрофонини шакллантиришда иштирок этувчи техниканинг сифатли тайёрланиши;

замонавий пахта териш машиналарида ишлаш учун техникани ишлатиш бўйича механик-ҳайдовчилар ва муҳандислар тайёрланиши;

пахта териш машиналарига сервис хизмати кўрсатиш ва эҳтиёт қисмлар ҳамда технологик материаллар билан ўз вақтида таъминлаш учун мутахассисларнинг мобиль бригадалари ташкил этилишини таъминлайди.

“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ тизимидаги ташкилотларга истисно тариқасида:

тендерлар ёки танлов савдолари ўтказмасдан энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар сотиб олишга, транспорт хизматлари ва бошқа хизматлар бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга;

бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни импорт қилишда товарлар эркин муомала (импорт) учун чиқаришнинг божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашни 270 кун кечиктириб амалга оширишга рухсат берилди.

“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар сотиб олиш ҳамда транспорт хизматлари ва бошқа хизматлар бўйича тузиладиган шартномаларнинг асосланганлиги ва улардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни таъминлайди.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонаси қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни сотиб олиш учун, транспорт хизматлари ва бошқа хизматлар бўйича техник шартлар импорт шартномалар тушган кундан бошлаб уч кун муддатда экспертизадан ўтказилишини ва тегишли хулосалар берилишини таъминлайди.

“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ ва “Асака” АТБнинг савдо молиялаштириши линияларидан, шу жумладан, хорижий банклар линиялари воситаларидан фойдаланиб, пахта териш машиналари ишлаб чиқариш учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни харид қилишни молиялаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Белгиланишича, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖнинг пахта териш машиналарини сотишдан тушган пул маблағлари солиқлар ва бюджет олдидаги бошқа мажбурий тўловлар амалга оширилгандан сўнг ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан “Асака” АТБ олдидаги кредитларни қайтаришга йўналтирилиши йўли билан ажратилган кундан бошлаб 1 йилдан ошмаган муддатда пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар харидининг савдо молиялаштирилиши бўйича қарздорлик тўлиқ қайтарилиши таъминланади.

“Асака” АТБга:

пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни харид қилишни молиялаштиришда таъминот сифатида “Ўзбекинвест” компанияси ва бошқа суғурта ташкилотларининг йиллик 0,5 фоиз миқдоридаги имтиёзли тариф бўйича суғурта полисларини қабул қилиш;

“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖнинг ўзаро боғлиқ қарздорлари гуруҳига банкнинг энг юқори таваккалчилигини ҳисоблашда кредитлар бўйича қарздорликни пахта териш машиналари ишлаб чиқарувчиларига ҳисобламаслик тавсия этилди.

Белгиланишича, Жаҳон банкининг кредит линиялари ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги томонидан молиялаштириладиган бошқа молия институтларининг кредит линиялари ҳисобига техникани ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ва лизинг ташкилотларини кредитлашда тижорат банкларининг маржаси 1 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланади.

“Ўзпахтасаноат” АЖ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, “Ўзстандарт” агентлиги 2020 йил 1 майга қадар пахтани машинада теришни рағбатлантириш мақсадида машина терими пахта хомашёси синфлари бўйича ифлосланганликнинг масса улуши ва намликнинг масса нисбати меъёрларини қайта кўриб чиқадилар.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ билан биргаликда:

пахтани машинада териш учун далаларни тайёрлаш ва пахта териш машиналаридан самарали фойдаланиш бўйича фермерлар ва пахта-тўқимачилик кластерлари учун тренинглар ва семинарлар ўтказилишини;

пахта териш техникасини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилишини ташкил этади.

* * * * *

“Ҳаракат”: Бу матн Kun.uz сайтидан олинди. Кўриниб турибдики, пахтачилик тамоман ҳукуматнинг қўлида, бу соҳани хусусийлаштиришни ҳеч ким ўйлаётгани ҳам йўқ. Демак, бу кетишда мамлакатимиз ҳозирги ғариб аҳволидан ҳеч қачон чиқолмайди.

Юқоридаги жадвалда Ўзбекистоннинг 9 вилоятида пахта териш машиналарини етказиб бериш прогнози берилган.

Истаган ўқувчимиз бу хабарга изоҳ берса, уни саҳифамизда эълон қилишга тайёрмиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону