Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳар Халқ депутатлари Кенгашида амалдаги ҳокимлар Эркинжон Турдимов ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев яна ҳокимлар этиб тайинлангани ҳақида аввалги хабаримизда билдирган эдик.
Ҳозир бошқа вилоятлардаги аҳвол ҳам маълум бўлди. Мавжуд режимнинг бош қўғирчоқ оммавий ахборот воситаси ЎзА ҳозиргина битта хабар билан қолган ҳамма вилоятларда ҳам ҳокимлар қайтадан тайинланганини эълон қилди.
Мана ўша вилоятлар ва асосан қайтадан ҳокимликка тайинланган одамлар рўйхати:
Сурхондарё вилояти - Тўра Боболов
Сирдарё вилояти - Ғафуржон Мирзаев
Хоразм вилояти - Фарҳод Эрманов
Бухоро вилояти - Ўктам Барноев
Наманган вилояти - Хайрулло Бозоров
Андижон вилояти - Шуҳратбек Абдураҳмонов
Жиззах вилояти - Эргаш Солиев
Қашқадарё вилояти - Зойир Мирзаев
Аввал сайланган 2 ҳокимни ҳам бу рўйхатга қўшиш мумкин:
Самарқанд вилояти - Эркинжон Турдимов
Тошкент шаҳри - Жаҳонгир Ортиқхўжаев
Хуллас, кўриб турибмизки, бугуннинг ўзида 9 вилоят ва Тошкент шаҳрининг ҳокимлари тасдиқланибди. 8 та вилоятда тасдиқланган ҳокимлардан 2 нафари янги ҳоким бўлиши мумкин, балки йўқдир. Аммо, хабарда бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган.
Бугун тасдиқланган ҳокимлардан иккитаси, яъни Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Сурхондарё ҳокими Тўра Боболов ҳақида 2 оғиз сўзламоқчимиз.
Ҳамманинг хабари борки, Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент аҳолисини бир тийинга олмаслиги, оддий тошкентликларни қандай ҳақоратлагани ҳақида видеофильмлар тарқатилди. У ўшандаёқ ўзи истеъфога кетиши керак эди, аммо кетмади ва кетмоқчи эмас.
Тўра Боболов ҳақида. Маълумки, 2020 йил 7 январда Сурхондарё вилояти Узун туманидан “Эзгулик” Жамиятининг аъзоси Адҳам Ибодов аниқ фактлар билан жорийдаги ҳоким Тўра Боболовнинг дабдаласини чиқарган эди. Адҳам Ибодовнинг “Сурхон ҳокими Боболовнинг қалқони ким?” сарлавҳали мақоласини фақатгина бизнинг саҳифамизда сал кам 13 минг киши ўқиди. Ёзилган комментларнинг мутлақо кўпчилиги Тўра Боболов қарши. Хўш, шундай экан, нимага бу одамни ҳеч бир эътирозсиз яна ҳоким этиб тасдиқлашди? Унинг расмдаги башарасига қаранг!
Бундай саволлар Ўзбекистонда жуда кўп. Уларга эътибор бўлмаяптими, демак, биз аввалдан башорат қилганимздек, мамлакатимизда ҳеч нарса ўзгармайди. Қўғирчоқ депутатлар ва ҳокимлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё нима деса, унинг буйруғини бажараверадилар.
Эй, Ўзбекистон халқи, кўзингизни очинг! Бунақа президент, бунақа ҳокимлар ва депутатлар билан келажагимиз йўқ. Демак, СССР замонида, 1968 йили Москва Энергетика Институтини компютерлар соҳаси бўйича битирган, техника фанлари доктори, профессор Абдураҳим Пўлат лидерлигидаги “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери айтиб келаётгандек, Ўзбекистонда ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш керак.
ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ислоҳотларнинг марказида мамлакатни демократиялаштириш, яъни, қўғирчоқ Олий Мажлис, қўғирчоқ сиёсий партиялар, қўғирчоқ ҳукумат, қўғирчоқ оммавий ахборот воситаларидан қутилиш каби ўзгаришлар ётиши ШАРТ.
ФУНДАМЕНТАЛ иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, ТЎЛА БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИГА ўтиш ва КАТТА бойлар яратиш йўлига мавжуд режимнинг ўзи қўйган тўсиқларни улоқтириш ғояси ётиши ШАРТлиги ҳам ўз-ўзидан маълум.
Бундай муҳим ислоҳотларни ҳеч ким “Бирлик”сиз амалга оширолмайди. Демак, Шавкат Мирзиёни “Толибон” билан эмас, “Бирлик” билан ҳамкорлик қилишга мажбурлаш керак.