25 December 2019
06:32 - Ҳаммаёқда масхарабозлик ва шармандалик - Тошкентдаги сайлов участкасида овозлар сохталаштирилган: жиноятга мутассаддиларнинг ўзи аралашгани айтилмоқда

Kun.uz таҳририятига Тошкент шаҳар Бектемир туман 18-Висол сайлов округидаги 105-сайлов участкасида сайлов участкаси аъзолари томонидан сайлов натижалари сохталаштирилгани акс этган видеоматериал келиб тушди.

Ҳодиса гувоҳларининг маълум қилишича, сайлов жараёни якунланишини кутиб ўтирган кузатувчиларни ўзини «Адлия вазирлигидан», деб таништирган номаълум шахслар кузатувчиларнинг ҳужжатларини текшириш баҳонасида бошқа хонага олиб чиқиб кетишади. Кузатувчиларнинг йўқлигидан фойдаланиб, сайлов участкаси мутасаддилари олдиндан тайёрлаб қўйилган бюлеттенларни сайлов қутичасига ташлаган. Ушбу ҳолат кузатувчилардан бирининг доимий ёниқ турган камерасига ёзиб олинган. Видеода мазкур қонунбузарлик жамоа бўлиб амалга оширилгани, сайлов участкасининг айрим аъзолари эшикка кўз-қулоқ бўлиб турган вақтда бошқалари сохта бюллетенларни сайлов қутисига ташлаётгани кўринган.

Ушбу сайлов участкасида ЎзЛиДеп партиясидан номзоди кўрсатилган Умид Худойбергановнинг ишончли вакили Раҳматилла Атаханов мазкур ҳолат юзасидан МСК ва прокуратура органларига мурожаат қилиб, қўлидаги барча далилларни тақдим этганини маълум қилди. Ҳолат юзасидан Kun.uz ҳам журналистик суриштирувини бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, 23 декабрь куни сайлов жараёнидаги қонун бузилишларига бағишланган «Сайловлар қонунчиликка мувофиқ ўтди дея оламизми?» номли суриштирув эълон қилган эдик. Шунингдек, жойлардан таҳририятимизга юборилган қатор мурожаатлар Бош прокуратура ҳамда Марказий сайлов комиссиясига расмий хат билан юборилади. Kun.uz ушбу ҳолатлар юзасидан мутасадди ташкилотлардан изоҳ кутиб қолади. // Kun.uz

“Ҳаракат”: Kun.uz сайтидаги хабар орқали видеони ҳам кўришингиз мумкин. Мана ўша хабарнинг адреси:  https://kun.uz/news/2019/12/25/toshkentdagi-saylov-uchastkasida-ovozlar-soxtalashtirilgan-jinoyatga-mutasaddilarning-ozi-aralashgani-aytilmoqda

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону