Ҳамма биладики, бу дунёнинг сайлов амалиётида сайловга бир кун қолганда сайлов ташвиқоти тўхтатилади ва бу кун “Жимжитлик куни” деган ном билан тилга олинади. Хўш, Ўзбекистонда нима бўлмоқда?
Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожик режимининг бош қўғирчоқ ахборот воситаси ЎзА бу принципга тупириб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё ҳузуридаги Давлат Бошқаруви Академиясида “Ўзбекистон Республикасининг бугунги кун ички ва ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтгани ҳақида ҳозиргина бир хабар тарқатди.
Хабарга кўра, бугунги давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва Минтақалараро Тадқиқотлар Институтининг ташаббуси билан ташкил этилган. Бу тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун АҚШ, Европа, Осиё минтақаси ва МДҲга аъзо 20 дан зиёд давлатдан келган 100 нафардан ортиқ таҳлилий тузилмалар, ижтимоий-сиёсий доиралар вакиллари иштирок этишибди.
Ўзбекистон тарафидан бу масхарабозлик тадбирида кимлар иштирок этгани тилга ҳам олинмаган.
Мана, ўша ерда нутқ сўзлаганларнинг рўйхати:
- Тожикистон сиёсатшунослар миллий ассоциацияси директори А.Мамадазимов
- Россиянинг Евросиё тадқиқотлар маркази директори А.Русаков
- Белгия парламенти собиқ сенатори А.Дестекше
- Ҳиндистон Халқаро Муносабатлар Кенгаши етакчи илмий ходими А.Зафар
- МДҲ Ижро қўмитаси ахборот-таҳлил департаменти директори А.Заварзин
- Покистон Глобал Стратегик Тадқиқотлар Маркази директори Х.Таймур
- Мисрнинг “Хивар” Сиёсий ва Ахборот Тадқиқотлар Маркази директори А.Тахир
- Беларус давлат университетининг халқаро муносабатлар факультети декани В.Шадурский
Қаранг, нутқ сўзлаганлар ичида, Белгияда ташқари, биронта демократик давлатдан келган ИНСОН йўқ. Ҳеч шубҳа йўқ, Белгия парламенти собиқ сенатори А.Дестекше Ўзбекистон расмийлари тарафидан сотиб олинган. Фақат сотиб олинган одамгина Ўзбекистонда “сўз эркинлиги ва қонун устуворлигида намоён бўлаётган тамоман янги сиёсий муҳит шаклланганлиги” ҳақида гапириши мумкин. Наҳотки, бу одам Ўзбекистонда ёлғондакам ошкоралик сиёсати олиб борилаётганини ҳам билмайди?
Бошқаларнинг нутқи таҳлил қилишга ҳам арзимайди. Уларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда оламшумул сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар бўлаётгани, қўшни давлатлар билан муносабатларнинг самарадорлиги ортиб бораётгани, бу ишлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё тарафидан бошқарилаётгани каби бир тийинга қиммат гаплар айтиб вайсашибди. Ўзбекистонда эртанги сайловларга тайёрланишда биронта ҳам камчилик кўришмабди.
Нимага кўришмабди? Кўрганлар бор, масалан, АҚШ давлатидан келганлар ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) қошидаги Демократик Институтлар ва Инсон Ҳуқуқлари бўйича Бюроси (ДИИҲБ) ходимлари. АҚШнинг ва ДИИҲБнинг тахминан 20 кишилик кузатувчилари ҳозир Ўзбекистондалар. Аммо, улардан биронтасига бу масхарабозлик тадбирида сўз беришмаганига нима дейсиз? Сўз беришса, улар Ўзбекистондаги ғариб аҳволни кўрсатувчи аниқ мисоллар билан Шавкат Мирзиё ва унинг тақимининг дабдаласини чиқаришарди.
“Ҳаракат” мухбирлари қўлга киритган маълумотларга кўра, ДИИҲБ ходимлари Тошкент шаҳри ва баъзи вилоятларда маҳаллий ҳуқуқ қимоячилари билан учрашишга ҳаракат қилишди, баъзи ерларда норасмий учрашувлар бўлди. Бу воқеалар кўрсатдики, улар Ўзбекистонда ҳақиқий демократик партияларга, авваламбор, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясига сиёсий саҳнага чиқиш учун йўл берилмаётганини жуда яхши биладилар ва бу йўналишда нималар қилиш кераклиги ҳақида Ўзбекистон расмийларига аниқ маслаҳатлар бермоқдалар.
Хуллас, кўриб турибмизки, Президент Шавкат Мирзиё ҳузуридаги Давлат Бошқаруви Академиясида ўтказилган бугунги давра суҳбати навбатдаги масхарабозликдан бошқа нарса эмасди. Энг муҳими, бундай тадбирнинг ўтказилиши ва ЎзА тарафидан хабар қилиниши - дунё тарафидан тан олинган “Жимжитлик куни”нинг принципларига тупириш бўлган.