19 December 2019
17:13 - Абдураҳим Пўлат: “Бирлик” Ўзбекистонда фаровонлик ва демократия истайди, 22 декабрдаги сайловлар оддий масхарабозлик, ҳеч нарса ўзгармайди

“Бирлик” Халқ Ҳаракатининг Ташаббус гуруҳи 1988 йил 11 ноябрда яратилган, унинг таъсис қурултойи 1989 йил 28 май куни Тошкентда Ёзувчилар Уюшмасининг биносида ўтказилган. СССР Конституциясига кўра, Коммунистик Партиядан бошқа партия яратиб бўлмаслиги сабабли, янги тузилган ташкилот расман сиёсий партия эмас, халқ ҳаракати сифатида тузилганди. Аммо, аслида, моҳияти билан сиёсий партия эди.

“Бирлик”нинг ўша пайтдаги асосий мақсадалари – ўзбек тилини давлат тили қилдириш ва Ўзбекистонни мустақилликка қовуштириш бўлган. 1989 йили Тошкентнинг турли майдонларида ўтказилган муҳташам ва даҳшатли митинглар билан 1989 йил 21 октябрь куни, ўша пайтдаги Ўзбекистоннинг хўжайини, тожик аслли ҳаромий Ислом Каримнинг ҳамма қаршиликларига қарамасдан, ўзбек тилини давлат тили деб эълон қилдирдик.

Унутмайликки, 1989 йил 15 октябрь куни, яъни ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинишидан 6 кун аввал, Ленин Майдонида ўтказилган муҳташам митингдан кейин, тўғрироғи, эртасига 16 октябрда, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатни, ўша митингнинг ташкилотчиси сифатида, Коммунистик Партиядан чиқариб ташлашган эди.

Дарвоқе, эслатиш керакки, 1968 йили Москва Энергетика Институтини битирган, кейин техника фанлари доктори, профессор даражасига чиққан Абдураҳим Пўлат 1991 йил июнь ойида ўзи ишлаётган Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Кибернетика Институтидаги ишини ташлаб, тўла сиёсий саҳнага ўтиб кетди. Ўша йили август ойида сафдоши Пўлатжон Охун билан бирга Туркияга сафар қилди, у ердаги ўзбеклар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилди.

Кейин ҳақиқий мустақиллик учун кураш бошланди. Бу масалада ҳам Ислом Карим ва унинг тақимини мағлубиятга учратдик, СССРни парчаладик ва ҳамма республикалар билан биргаликда 1991 йил 8 декабрда ҳақиқий мустақилликка эришдик. Ўша йили 31 августда Ўзбекистонда мустақиллик эълон қилиниши масхарабозликдан бошқа нарса эмас эди.

Яна унутмайликки, 1991 йил 19 август куни ўша пайтдаги СССР Президенти Михаил Горбачевни бир неча кунга тахтдан қулатган ГКЧП ҳокимлик қилаётган кунлари, Абдураҳим Пўлатни ГКЧПга қарши чиққани учун Тошкент шаҳар Куйбишев район суднинг ҳукми билан катта жарима билан жазолашган, аммо ГКЧП қулатилгандан кейин, Абдураҳим Пўлатни жазолаш ҳукми Тошкент шаҳар суди тарафидан бекор қилинган. Бу ҳақда “Тошкент Оқшоми” ва “Вечерний Ташкент” газеталарида 25 август куни ўта қисқа ва тушунарсиз хабарлар ҳам эълон қилинганди. Энг қизиғи, ўша куни Абдураҳим Пўлат Москвада эди. Ҳаромий Ислом Карим миллатнинг тарихи олдида ўзини оқлаб олиш учун шунақа масхарабозлик руҳидаги ифлос ишлар қилиб юрган.

Орадан кўп ўтмасдан, аниқроғи, 1991 йил сентябрнинг охирида, Ўзбекистон ССРнинг Олий Советида Ислом Каримни президентликдан ағдариб, унинг ўрнига Шукрулло Мирсаидовни сайлаш учун ҳаракат бўлган, аммо Олий Советдаги Жаҳонгир Муҳаммад каби ўша замоннинг гўёки демократлари “Бирлик” билан ҳамкорлик қилмаганлари сабабли, бу иш амалга ошмаганди.

Аммо, ҳақиқий ўзгаришлар 1991 йил 8 декабрда бўлди. 1991 йил 1 декабрда Украина референдум йўли билан мустақиллик эълон қилгандан кейин, 1922 йилнинг охирида СССРни тузган 4 давлатнинг 3 тасини (Россия, Украина ва Белорусия) раҳбарлари Белорусиянинг “Беловежская пуща” номли жойида СССРни тарқатиб юбориб, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги тузилганини эълон қилдилар.

Айнан ўша куни, яъни 1991 йил 8 декабрда Ўзбекистон ҳам ҳақиқий мустақилликка эришди. Бир неча кун ичида Ўзбекистоннинг мустақиллигини Туркия ва АҚШ каби давлатлар тан олдилар. Бир неча ой ичида, аниқроғи, 1992 йилнинг бошида мустақил мамлакатимиз БМТга ҳам аъзо бўлди.

1992 йилнинг 16 февралида Ўзбекистонга АҚШ Давлат Котиби, яъни Ташқи Ишлар Вазири Жеймс Бейкер расмий ташриф билан келди ва Ислом Каримнинг ҳамма қаршиликларига қарамасдан, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат билан ҳам кўришди. Шундан кейин, Ўзбекистонга келган ҳамма давлатларнинг юқори даражали вакиллари ҳам Абдураҳим Пўлат билан учрашишга бошладилар.

1992 йил 3 июлда Тошкентда Ўзбекистон Олий Советининг навбатдаги йиғилиши бўлиши керак эди. Абдураҳим Пўлатнинг ташаббуси билан ўша куни Олий Совет мажлиси ўтказиладиган бино олдида демократик мухолифатнинг митингини ўтказиш режалаштирилди. Аммо, 26 июнда “Бирлик” лидерларидан бири бўлган Пўлатжон Охун қандайдир провокация билан ўзи яшайдиган Андижон вилоятида Абдураҳим Пўлатнинг кўзи олдида ҳибсга олинди. 29 июнда эса, Тошкентда Абдураҳим Пўлатни КГБнинг агентлари ўлдиришга ҳаракат қилдилар. Боши ёрилган Абдураҳим Пўлат касалхонага ётқизилди.

Хуллас, ўшанда демократик мухолифатчилар аввалдан режалаштирилган митингларини ўтказолмадилар ва 3 июлда ўтказилган Олий Совет мажлисида Ўзбекистоннинг президенти Ислом Карим “Керак бўлса яна 100 кишиинг бошини ёрамиз” дейишгача борди.

Шундан кейин, яна бир қатор воқеалар туфайли, Абдураҳим Пўлат 1992 йилнинг 18-чи декабрида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди. Кейин оиласини ҳам чақириб олди. Улар аввал Бокуда қолдилар, кейин Туркияга ва АҚШга кетишга мажбур бўлдилар. Ўшандан бери Абдураҳим Пўлат оиласи билан АҚШда мажбуран яшамоқда.

Аммо, Ўзбекистоннинг демократик мухолифатчилари, авваламбор, “Бирлик” Халқ Ҳаракати фаоллари, юрт ичкарисида ва ташқарисида, Ўзбекистоннинг фаровон ва демократик келажаги учун курашни давом эттирмоқдалар. Табиий, кураш тўхтовсиз давом этмоқда ва давом этаверади.

2001 йили сентябрь ойида АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри ва бошқа жойларида ислом террористлари уюштирган терактлардан кейин, АҚШ ўта тезлик билан Афғонистонни босиб олди, Ўзбекистон унга ёрдам берди. Айнан ўша пайтда Ўзбекистон демократлари ҳам ўз фаолиятларини қайтадан тиклаш ҳаракатларини тезлаштирдилар.

“Бирлик” Халқ Ҳаракати 2001-2003 йиллари вилоят ташкилотларининг конференцияларини ўтказди, 2003 йилда иккита қурултой ўтказиб, расман Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси сифатига эришди. Аммо, ҳамма ҳужжатлар Адлия Вазирлигига топширилишга қарамасдан, ҳалигача Адлия Вазирлиги бизни расман тан олгани йўқ. Демак, кураш давом этаверади ва давом этмоқда.

Унутмайликки, аҳолиси биздан 5 баравар кўп бўлган Россияда сиёсий партияни рўйхатдан ўтказиш учун партиянинг 500 аъзоси борлиги етарлидир. Ўзбекистонда эса, рўйхатдан ўтиш учун сиёсий партия 20 минг аъзога эга бўлиши кераклиги қонунлаштирилган ва биз катта қийинликлар билан бўлса ҳам тўпланган 20 минг кишилик аъзоларимиз рўйхатини ўша пайтда Адлия Вазирлигига топширган эдик.

2010 йилнинг июнь ойида Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида қирғиз фашистлари ўзбекларни қирғин қилдилар, ҳамма жим қолди, фақат Ўзбекистондаги ўзбек демократлари ўз миллатдошларини ҳимоя қилдилар. 2011 йил 10 июнь куни Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси олдида ўзбек демократлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари пикет уюштириб, “Ўзбеклардан қўлингни торт” деб ҳайқирдилар.

2016 йилда Ўзбекистоннинг ҳаромий президенти Ислом Карим ўлгандан кейин, унинг ўрнини ноқонуний йўллар билан эгаллаб олган тожик аслли Шавкат Мирзиё ижобий йўналишда ишлар олиб боради деб фараз қилдик ва ҳатто у билан ҳамкорлик қилиш мақсадида Абдураҳим Пўлатнинг номидан унга ҳақиқий демократик сайловлар ўтказиш ҳақида мактуб ҳам йўлладик. У бизга жавоб ҳам бермади ва одатдагидек диктаторларга хос усуллар билан сайлов ўтказди, ўзини расман президент қилиб олди.

Мана орадан 3 йил ўтди. Шавкат Мирзиё аввал далаларда юриб, ҳамма деҳқонларни тутзорларни кенгайтиришга, аччиқ гармдорилар экишга чақирди. Ҳеч қандай ижобий натижа бўлмади. Кейин Шавкат Мирзиё ҳаммани Ўзбекистонга чет эллик инвесторларни олиб келиш билан шуғулланишга чақирди. Яна натижа бўлмади. Чунки, Ўзбекистонга чет эллик инвесторларни чақириш учун авваламбор Ўзбекистоннинг дунёга маълум бўлган салбий имиджини ўзгартириш лозим эди. Шу кунларда Хитой ва Жанубий Корея каби давлатлардан арзимаган инвестициялар келмоқда. Улар Ўзбекистоннинг аянчли аҳволини тузатиш учун ҳеч нарса қилолмаяптилар ва қилолмайдилар. Шавкат Мирзиё бундай нарсаларни тушунмайди ҳам.

Энг муҳим бўлгани, Ўзбекистонимизда аҳолининг ўртача ойлиги ривожланган давлатлардан 30-50 БАРАВАР КАМЛИГИНИ қўйиб туринг, ҳатто қўшниларимиз Россия ва Қозоғистондан ҳам САЛ КАМ 10 БАРАВАР КАМ эканлигидир. Айнан шу сабабли, ҳозир 3-4 миллион ватандошларимиз чет элларда қуллардек ишлаб ва Ўзбекистондаги оилаларга пул жўнатиб, Ўзбекистоннинг Давлат Бюджетини оёқда ушлаб турибдилар. Бу йил Россияда ишлаётган ватандошларимизнинг сони, русларнинг расмий маълумотларига кўра, 2 миллиондан ҳам ошди. Бир йилда Россиядан келаётган пул миқдори 5 миллиард долларга яқинлашди. Бошқа мамлакатлардан ҳам келаётган пуллар билан Давлат Бюджетининг ЯРМИдан ҳам кўпроқ пулга эга бўлдик.

Ҳозир чет элларда ишлаётган ватандошларимиздан биронтаси ҳам Ўзбекистонга қайтиб келгани йўқ ва келмайди ҳам.

Нима бўлганда ҳам, жорийдаги йилнинг 22 декабрь куни мамлакатимизда парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлади. Бу сайловларда “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг иштирокини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистондаги сиёсий партиялар ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш ва сиёсий партияни рўйхатга олиш учун партия аъзоларининг сонинини ҳозирги 20 мингдан, Россияда каби, бир неча юзга тушириш учун аллақачон иш бошлаганмиз.

2019 йил 31 май куни бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё, Олий Мажлиснинг палаталари раҳбарлари, Ўзбекистон Адлия Вазири, Ўзбекистон Омбудсмени ва оммавий ахборот воситаларига ҳуқуқ ҳимоячилари номидан мактуб ҳам жўнатилди. Аммо, Ўзбекистон каби зиндонхонада бундай ишларни Зиндонбоши Шавкат Мирзиёсиз амалга ошириб бўлмайди, Шавкат Мирзиё эса, бундай ўзгаришлардан қўрқади.

Бу йил, яъни 2019 йил 22 декабрда Ўзбекистонда катта сайловлар бўлиши шу йил сентябрь ойида Марказий Сайлов Комиссияси тарафидан расман эълон қилинди. Аммо, энг қизиғи, бундан бир неча кун аввал, яъни 16 сентябрда “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги Ўзбекистонда феълан сайловолди кампанияси бошлангани, айнан ўша куни Ўзбекистоннинг қўғирчоқ оммавий ахборот воситаларида мавжуд режим ва унинг хизматчиларини танқид қилиш тўхтатилганини билдирганди.

Муҳим бўлгани, ҳали СССР тирик бўлган вақтда ўзбек тилини давлат тили қилдирган, Ўзбекистонни мустақилликка қовуштиришда ҳал қилувчи роль ўйнаган “Бирлик” сайловларда қатнашмас экан, мамлакатимизда ҳеч қандай ижобий ўзгаришлар бўлмайди ва бўлолмайди. Ҳозир бўлаётган жараёнлар айнан шу фикримизни тасдиқламоқда.

Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожик режими ва унинг хизматчиларини танқид қилиш тўла тўхтатилганини ҳамма кўриб турибди. Тўғри, яқинда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжа билан Kun.uz Интернет нашри журналистлари ўртасида кутилмаган жанжал чиқди. Бу жанжал, ҳеч қандай шубҳасиз, Шавкат Мирзиёнинг буйруғи билан тўхтатилди, икки тараф бу масалада гўёки келишганини эълон қилди.

Хуллас кўриб турибмизки, Ўзбекистондаги қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари Ислом Карим замонига қайтиб бўлдилар. ЎзА ва бошқа қўғирчоқ оммавий ахборот воситаларида мавжуд режим ва унинг ходимларини танқид қилиш бутунлай тўхтатилди.

Нима бўлса ҳам, бор имкониятлар доирасида, Ўзбекистонда демократик сайловлар ўтказиш учун ҳаракатларимиз давом этаверади. Мамлакатимизда демократик сайловлар ўтказиш, Ўзбекистонни демократик йўлга солиш ва фаровонликка қовуштириш масаласи устида ишлашни давом эттираверамиз.

Ҳамма “Бирлик” фаолларини, муҳим бўлгани, ҳамма демократия тарафдорларини биз билан бирга бўлишга чақирамиз!

Бирга бўлсак, албатта ғалаба қозонамиз!

Мана, сайловларга бир неча кун қолди. Ҳозир 1989-чи ва 2003-чи йилдаги каби катта ишлар қилишга демократик мухолифатнинг кучи етмайди, аммо ҳаракатларимиз тўхтамайди.

Ҳамма демократларга мурожаатимиз шундай. Имкон борича, 22 декабрдаги сайловларга қатнашмасликка ҳаракат қилинг. Вақти келади, ҳамма нарсани ўз назоратимиз остига оламиз. Ана ўшанда фаровон ва демократик Ўзбекистон яратиш йўлида ҳақиқий ишларни амалга оширишни бошлаймиз.

Абдураҳим Пўлат
Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг асосчиси ва ҳозирги раиси

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону