Ҳурматли ўқувчиларимиз! Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида масхарабозлик руҳидаги воқеалар бўлмоқда, тўғрироғи, уюштирилмоқда. Биз уларни тилга ҳам олаётганимиз йўқ. Аммо, АҚШда бўлаётган воқеалар оламшумул ва ўта масхарабозлик руҳида бўлгани сабабли, бироз тушунтириш бермоқчимиз.
Аввалги хабарларимиздан маълумки, бу мамлакат парламенти – Конгресснинг қуйи палатаси, яъни Вакиллар Уйида кўпчилик овозга эга бўлган Демократик Партия шундан фойдаланиб, Доналд Трампнинг оёғига болта уриш ва унинг обрўсини тушириб қўйиш мақсадида ростакам масхарабозлик руҳидаги сиёсий жараён бошлаган. Айнан Вакиллар Уйида бир неча ойдан бери жорийдаги президентга қарши сиёсий кампания олиб борилмоқда.
Сабаби Доналд Трамп келаси йўл бўладиган президентлик сайловларида қатнашиш нияти борлигини очиқча гапираётгани ва ўз мамлакатининг Конституциясини гўёки бузиб, Демократик Партиянинг президентликка номзоди бўлиши кўриниб турган Жо Байденга қарши ишлар билан шуғулланаётгани бўлди. Доналд Трамп Украина Президенти Владимир Зеленский билан шу йил июль ойида телефонда гаплашиб, Украинада ҳам бизнес билан шуғулланган Жо Байденнинг ўғли Роберт Байденинг ўша ерда олиб борган гўёки қинғир ишларини текширишга гўёки мажбурлагани ҳозир Вакиллар Уйида очиқча муҳокама қилинмоқда. Аммо, исбот топилмаяпти.
Шу йил 31 октябрда Вакиллар Уйи 196 га қарши 232 овоз билан Доналд Трампга қарши расман импичмент бошлашга қарор қилди. Охирги ҳафтада эса, Вакиллар Уйининг Суд ишлари билан шуғулланувчи Комитети Доналд Трампга қарши импичмент қарори лойиҳасини тасдиқлади.
Бугун бошланган ҳафтада Вакиллар Уйи импичмент қарорининг лойиҳасини кўриб чиқиши кутилмоқда. Бу палатада демократлар кўп бўлгани туфайли, у ерда ҳам импичмент қарори тасдиқланса керак.
Ана ундан кейин таркибида республикачилар кўпроқ бўлган Сенатда Конгресснинг ниҳоий қарори қабул қилиниши ёки Вакиллар Уйининг қарори бекор қилиниши мумкин.
Кеча Доналд Трамп Twitter cистемасидаги саҳифасида АҚШдаги яҳудийларнинг Fox News телеканали америкаликларнинг 50 фоизи импичментини қўллаб-қувватлаётгани, 49 фоизи импичментга қарши чиқаётгани ҳақида тарқатган маълумотини қоралади. У шундай деб ёзди: “Сўровномаси натижалари “тўғри эмас” ва “демократлар фойдасига қаттиқ қийшайтирилган”. 2016 йилдаги сайловлардан кейин ҳам шундай кулгили ишлар қилинганди, аммо улар ютқазгандилар.”
Яъни, Доналд Трамп яна шундай бўлишини аввалдан башорат қилмоқда.
Доналд Трампнинг фикрини “Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги тўла қўллаб-қувватлайди. 2016 йилги сайловолди кампанияси даврида “Ҳаракат” Агентлиги охирги дақиқагача Доналд Трамп президент бўлишини айтиб келган ва ҳақ чиққан эди. Бундан ҳам қизиғи, “демократлар” сайловдан кейин импичментга ҳаракат бошлаганларида ҳам “Ҳаракат” Доналд Трамп ғалаба қозонишини башорат қилган ва яна ҳақ бўлиб чиққан. Ҳозир ҳам айнан шундай бўлади.
Воқеаларнинг давомини кузатиб борамиз ва ниҳоий натижани ҳам ўз вақтида эълон қиламиз.
Бу хабарга қўйилган расм Reuters Агентлигининг сайтидан олинган.