23 October 2019
21:23 - Озорбайжон ва Ўзбекистон мухолифати лидерлари Али Керимли ва Абдураҳим Пўлат фундаментал ислоҳотларни ўйлашмоқда. Туркийтилли Халқлар Ассамблеясини тиклаш керак!

Озорбайжон Халқ Фронти Партияси лидери Али Керимли бугун “Озодлик” радиосининг озорбайжон тилидаги хизматига интервью бериб, ўз мамлакатида бўлаётган кадр ўзгартиришлар ва ислоҳотлар ҳақидаги баёнотлар косметик характерга эга эканлигини, улар фақат ички аудиторияга қаратилганини урғулабди. Унинг фикрича, ҳамма косметик ўзгартиришларни Илҳом Алиев қилмоқда, қолганлар унинг хизматчиларидир холос. Демак, ҳақиқий демократик мухолифат фундаментал ислоҳотларга тайёрланиши керак.

Қаранг, дейди “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлигининг мухбири, Ўзбекистон ва Озорбайжонда бўлаётган жараёнлар бир-бирига жуда ўхшаш. Шу сабабли, “Бирлик” Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар косметик эканлигини, аслида, Ўзбекистон фундаментал ислоҳотларга муҳтож эканлигини ҳайқириб келмоқда.

Тўғри, тан олиш керакки, Озорбайжонда мухолифат расман тан олинган, Озорбайжон Халқ Фронти Партияси ва “Мусават” Партияси каби сиёсий ташкилотлар рўйхатдан ўтказилган. Аммо улар қафасга солиб қўйилган, қафасда туриб эса, жиддий ишлар қилиб бўлмайди.

Шундай экан, тарихни эслаш ва СССРдан мустақил бўлиш учун кураш олиб борилган ва мустақилликнинг биринчи йиллари Турк Дунёси тарихида муҳим роль ўйнаган Туркий Халқлар Ассамблеясидан тегишли хулосалар чиқариш керак.

Биринчи шундай Конференция СССР ўлим арафасида бўлган кунларнинг бирида Москвада ўтказилган. У Конференцияда қозоғистонлик машҳур ёзувчи ва сиёсатчи Олжас Сулаймонов, Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракати раиси Абдураҳим Пўлатов ҳам иштирок этганлар. Кейинги йилларда бундай Конференция Туркияда ҳам ўтказилди.

Аммо, минг афсуски, эндигина оёққа тураётган туркийтилли давлатлар ички низолар билан машғул бўлгани, Туркияда отатуркчилар билан исломчилар ўртасида кураш авжига чиқаётгани туфайли, бу Конференция бошқа ўтказилмади.

Яқинда Туркийтилли Давлатлар Ҳамкорлик Кенгашига Ўзбекистон ҳам аъзо бўлгани катта муҳим воқеа. Аммо, бу Кенгашнинг 5 аъзосидан 4 тасида ( Ўзбекистон, Қозоғистон, Озорбайжон ва Қирғизистон) замонавий диктаторликлар ҳукм сурмоқда. Туркия ҳам замонавий демократиядан узоқда. Россия ва Хитой таркибида бўлган кўплаб туркийтилли давлатларда эса, сиёсий ташкилотланиш жараёнлари бутунлай ёки сал кам бутунлай тўхтаб қолган.

Демак, туркийтилли давлатлар ҳамкорлигининг келажагини ўйласак, ҳозироқ Туркийтилли Давлатлар Ассамблеясини қайтадан тиклашимиз, келажак режалари устида жиддий ўйлашимиз керак. Келажак режалари жуда муҳим, бунинг устига, биргаликда кўпроқ ишлар қилиш имкониятига эга бўлишимизни ҳам унутмайлик.

Мен тезлик билан Озорбайжон демократик мухолифатчилари билан алоқаларни тиклаш ҳаракатига тушаман, дейди “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси лидери Абдураҳим Пўлат. Биргаликда Туркийтилли Давлатлар Ассамблеясини қайтадан тиклаш устида иш бошлашимизга ишончим комил.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону