15 October 2019
05:35 - Суриянинг шимолидаги уруш ва Бокуда эртага бўладиган Туркийтилли Давлатлар Ҳамкорлик Кенгашининг навбатдаги саммити ҳақида
Аввалги хабарларимиздан маълумки, 2019 йил 8 октябрда Туркия Буюк Миллат Мажлиси Ироқ ва Суриянинг Туркия билан чегарадош ҳудудларида Туркия қўшинларининг ҳарбий операциялар ўтказиш ваколатларини 2020 йил 30 октябргача узайтириш ҳақидаги Президент қарорини тасдиқлаганидан кейин, аниқроғи, 9 октябрь куни маҳаллий вақт билан кечқурун Туркия армияси ўша ҳудудлардаги курд террористлари жойлашган ерларни ҳаводан бомбалади. Сўнгра, у ерга Туркия қўшинлари киритилди ва улар "Тинчлик Баҳори Ҳаракати" номли операция доирасида ва Сурия Озодлик Армияси билан биргаликда кўп ерларни курд террористларидан тозаладилар.

Баъзи қамоқхоналар босиб олинди, аммо у ердаги Ислом Давлатига оид террористлар қочиб кетиб бўлган эканлар. АҚШ у ерлардан ўз қўшинларини чиқаришга бошлаши билан Суриянинг расмий армияси бу уруш бўлаётган ҳудудларга кирди ва курдлар билан биргаликда Туркиянинг расмий қўшинлари ҳамда Сурия Озодлик Армияси билан ҳақиқий уруш бошлади.

Европа Иттифоқи давлатлари Туркиянинг бу ишларини қораладилар, тезда урушни тўхтатишни талаб қилдилар. АҚШ ҳам шу каби талабларни ўртага қўйди, кеча кечқурун Туркияга қарши санкцияларини эълон қилди. Бу санкциялар Туркиянинг 3 вазирлиги –Энергетика, Мудофаа ва Ташқи Ишлар вазирликларига ва шахсан бу 3 вазирга қарши киритилган.

Кеча Саудия Арабистонига Россия Президенти Владимир Путин расмий ташриф билан келиши ҳам Суриянинг расмий ҳукуматининг фойдасига ишлашга бошлади. Маълумки, 1 кун аввал Араб Давлатлари Бирлиги ҳам Туркияни қоралаб, тезда Сурия ҳудудларидан чиқиб кетишни талаб қилган эди. Ҳозирча Туркия уларга эътибор бермаяпти, аммо Туркия билан битта коалицияда бўлган Саудия Арабистони Башар Асад режимини қўллаб-қувватловчилар ичида бўлиб қолгани кўриниб турибди.

Туркиянинг ичида ҳамма "Тинчлик Баҳори Ҳаракати" операциясини қўллаб-қувватламоқда.Сурия ҳудудларида ҳалок бўлган турк аскарларининг жаноза маросимлари катта тадбирларга айланиб кетмоқда.

Хуллас, Туркия-Сурия чегарасида ва чегарага яқин Сурия ҳудудларида вазият жуда кескин. Эртага Бокуда бошланадиган Туркийтилли Давлатлар Ҳамкорлик Кенгашининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлатларининг раҳбарлари ҳамда Қозоғистоннинг аввалги президенти Нурсултон Назарбой Бокуга етиб келдилар. Озорбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг ҳам иштирокида бўладиган Туркий Кенгашнинг йиғилиши асосан Суриядаги қонли воқеаларни муҳокама қилишга айланиб кетишининг эҳтимоллиги жуда катта.

Кеча Бокуга келиб олган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё баъзи саммит қатнашчилари билан бошга-бош учрашувлар ўтказишни кечаёқ бошлаб юборганини ҳам эсдан чиқармайлик.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону