Ўтган куни, яъни 2019 йил 8 октябрда, Туркия Буюк Миллат Мажлиси Ироқ ва Суриянинг Туркия билан чегарадош ҳудудларда Туркия қўшинларининг ҳарбий операциялар ўтказиш ваколатларини 2020 йил 30 октябргача узайтириш ҳақидаги Президент қарорини тасдиқлаганини хабар қилган эдик. Кеча 9 октябрь куни маҳаллий вақт билан кечқурун Туркия армияси ўша ҳудудлардаги курд террористлари жойлашган ерларни ҳаводан бомбалади.
Эслатиш керакки, ўша ерларнинг бир қисми, жумладан, Жераблус шаҳри, Туркия қўшинларининг Ефрат Қалқони операцияси доирасида, 2016 йил август-сентябрь ойларида Башар Асад режимининг исломчи эмас, дунёвий мухолифатчилари бўлган Сурия Озодлик Армиясининг қўлига ўтганди.
Кеча Туркия ва Сурия Озодлик Армияси қўшинлари Ефрат дарёсининг курдлар қўлида бўлган жанубий қисмини ҳам қўлга олишга бошладилар. Туркия бу операцияга "Тинчлик Баҳори Ҳаракати" номини берди.
АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари ва ҳатто Эрон Туркиянинг бу ҳужумларни қоралаб, ҳужумларни тўхтатишга чақирдилар. Доналд Трамп Туркияга очиқча дўқ-пўписа ҳам қилиб қўйди.
Кўриниб турибдики, Туркиянинг бу масалада чекиниш нияти йўқ ва чекинмаслиги аниқ. Аслида, туркийтилли давлатлар Туркияни бу масалада энг камида маънавий қўллаб-қувватлашлари керак. Воқеалар қандай давом этишини бугун кўрамиз.