20 June 2019
14:23 - Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти Баёноти: “Эзгулик” раҳбари автоҳалокатга учради ёхуд Ортиқхўжаев “CHAKMAN” ларидан эҳтиёт бўлинг!

2019 йилнинг 19 июнь куни соат 19 ларда Тошкент шаҳар Оҳангарон шоссеси бўйлаб ҳаракатланаётган “CHAKMAN-150” оғир юк машинаси Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов бошқарувидаги Lacetti русумли давлат рақами C 403 DB бўлган автомобиль билан йўл-транспорт ҳодисаси (автоавария) содир этди. Ҳуқуқ фаоли ва журналист бахтли тасодиф туфайли омон қолди ва у ҳозирда ўткир руҳий тушкунликдан муолажалар олмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ инспекторлари текширувига кўра, “CHAKMAN-150” оғир юк машинаси ҳеч қандай ҳужжатларга эга эмас. Давлат рақами, техник талони ва мажбурий суғурта полисларига эга эмас. 2018 йилнинг декабрида Хитойдан келтирилиб, ўртача 7000 километр йўл босган мазкур автомобиллар ҳатто тегишли тартибда божхона расмийлаштирувларидан ўтмаган.

Ҳайдовчи ва Йўл патрул хизмати инспекторининг сўзларига кўра, Тошкент шаҳрида ҳозирда бу каби ноқонуний равишда қарийб ярим йилдан бери ҳаракатланаётган юк автомобиллари Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан келтирилган. Халқ орасида Ортиқхўжаев машиналари деб юритиладиган мазкур уловларнинг 35 таси шаҳар йўл қурилиши ташкилоти тасарруфидадир.

“Эзгулик” жамияти фаолларининг суриштирувларга кўра, йўл патруль хизмати вакиллари ҳаракатдаги бундай юк автомобилларини тўхтатиб, уларнинг ҳужжатларини текширишга ваколатли эмас. Тўғрироғи, юқоридан бу каби автоуловларни тўхтатиш ва уларга нисбатан чора кўриш таъқиқланган.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ташаббуси билан ЙПХ ходимлари чақирилди ва ҳужжатларсиз юк автомобили ўртасида содир бўлган транспорт ҳодисаси тегишли тартибда расмийлаштирилди ва ҳодиса иштирокчилари бўлган автомобиллар Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ жарима майдончасига мажбурий келтирилди. Автотранспорт ҳодисасида ҳуқуқ ҳимоячисига тегишли автомобиль ўта қаттиқ техник шикаст кўрган, юк машинасида деярли техник шикаст мавжуд эмас. Ўтказилган наркологик экспертизага мувофиқ, ҳайдовчилар спиртли ичимлик истеъмол қилмаган. Низо суд орқали ҳал этилади.

Бироқ савол туғилади: нега Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тегишли ҳужжатлари бўлмаган, расмийлаштирилмаган автомобилларга ҳаракатланишга рухсат берган? Нега оддий ҳайдовчи оддийгина суғуртаси ёхуд бирор ҳужжатида камчилик бўлса, ҳаракатдан тўхтатилади-ю, шаҳар кўчаларида ўнлаб юк машиналари ноқонуний ҳаракатланади? Бундай ғайриқонуний “тадбиркорлик” фаолиятидан кимлар манфаат кўради ёки қонунлар Тошкент шаҳар ҳоимига тааллуқли эмасми?

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти тез фурсатда Тошкент шаҳрида (эҳтимол вилоятларда ҳам) ҳаракатланаётган юк машиналари, улардан фойдаланиш билан боғлиқ ноқониний хатти-ҳаракатлар юзасида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратуранинг изоҳ беришини талаб қилади. Жамотачилик ва оммавий ахборот воситалари эътиборини макур масалага қаратиб, расмийлар изоҳини кутади.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону