11 June 2019
21:19 - ЕТТБ ва Миллий Банк ўртасида миллий валютада вакиллик ҳисоб варағини очиш тўғрисида шартнома имзоланди

Ўзбекистон Марказий Банки матбуот хизматига асосланиб тарқатилаётган хабарларда айтилишича, кеча 10 июнь куни Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Марказий Банкига ташриф буюрди.

Учрашувда томонлар банк тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

ЕТТБ томонидан банк тизимида бир қатор қўшимча чора-тадбирлар ва ислоҳотлар амалга оширилиши, жумладан, тизимда соғлом рақобатни кучайтириш учун зарур ҳисобланган давлат ва хусусий банклар учун бир хил ва тенг шароит яратиш ҳамда давлат дастурларини молиялаштиришнинг муқобил манбаларини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, ЕТТБ вакиллари Ўзбекистон банк тизимининг жорий ҳолати ва уни ислоҳ қилишдаги устувор вазифалар бўйича ўз қарашлари билан ўртоқлашдилар. ЕТТБ президенти банк тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини ҳамда бу борада зарур кўмак тақдим этишга тайёр эканлигини таъкидлади.

Учрашувдан сўнг Ўзбекистонда ЕТТБ лойиҳаларини кенг қамраб олиш ва ҳажмини ошириш мақсадида ЕТТБ ва Ташқи Иқтисодий Фаолият Миллий Банки ўртасида миллий валютада вакиллик ҳисоб варағини очиш тўғрисида шартнома имзоланди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону