11 June 2019
20:33 - Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти Баёноти: “Эзгулик” Жамияти фаоли Абдуҳаким Пўлатов озод қилиниши керак!
11 июнь куни Сурхондарё вилояти Бойсун тумани маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг Сурхондарё вилояти бўлими раиси Абдуҳаким Пўлатов қамоққа олинди. У Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-моддаси (Ҳақорат қилиш) билан айбланган. 63 яшар Абдуҳаким Пўлатов 5 суткалик маъмурий қамоқ жазосини Бойсун тумани ИИБ изоляторида ўтказади.

Шунингдек, ҳуқуқ фаоли ёнида 74 яшар мустақил журналист Мажид Абдураимов ҳам бўлиб, у Бойсун тумани ҳокими Ўктам Тўраевга нисбатан “бефаросат” сўзини ишлатганликда айбланган.

“Эзгулик” фаоли Абдуҳаким Пўлатов суд олдидан жамият раиси Абдураҳмон Ташанов билан гаплашиб, ўзининг суд маҳкамасига келтирилиш сабабларини айтиб берган. Унга кўра, коррупция ҳолатлари бўйича Сурхондарё вилоятида ўтказилган Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосари Анвар Усмоновнинг сайёр қабулида фаоллар вилоятдаги бир қанча камчиликларни тилга олишган.

Хусусан, Бойсун тумани ҳокими Ўктам Тўраевнинг фаолиятига танқидий баҳо бериб, президент танқидидан сўнг туманнинг бошқа сектор вакиллари ишдан олингани ҳолда унинг фаолиятини давом эттираётгани, фуқаролар мурожаатларига маъсулиятсизлиги хусусидаги далилларни келтиришган.

Шундан сўнг фаоллар билан қасдлашиб қолган Бойсун тумани Ўктам Тўраев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Бойсун туманида ўтказилган қабул жараёнида фаолларга нисбатан чора кўрилиши ҳақида жамоатчилик ўртасида маълум қилган.

Маъмурий суд қарорига кўра, “Эзгулик” фаоли Бойсун тумани ҳокимлиги вакилини ҳокимият биносида ҳақорат қилган ва бу ҳолат ўрнатилган видео камераларга муҳрланган. Видеолавҳа, жабрланувчиларнинг ариза ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида Бойсун тумани ИИБ томонидан қўзғатилган маъмурий иш судда ўз тасдиғини топган. Ҳолбуки, суд ишида мазкур ҳолатларни аниқлаштирувчи суд фоноскопик, суд филологик экспертиза хулосалари мавжуд эмас.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти Бойсун тумани ҳокими Ўктам Тўраев ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан хатти-ҳаракатлари кескин қоралаб, юқори инстанция судларини Бойсун суди қарорини бекор қилишга чақиради.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону